20:17 / 24.03.2025
17 368

Тимур Кападзе Эронга қарши ўйин ҳақида нималар деди?

Тимур Кападзе Эронга қарши ўйин ҳақида нималар деди?
ЖЧ-2026 саралаши доирасидаги Эрон - Ўзбекистон учрашувидан олдинги матбуот анжуманида бош мураббий Тимур Кападзе ва футболчи Аббос Файзуллаев иштирок этди.

"Эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Эрон қандай кучга эгалигини биламиз, ўзимизнинг кучимизни ҳам биламиз. Ўйлайманки яхши тайёргарлик кўрдик. Иншааллоҳ эртанги баҳсга ҳаммамиз тайёрмиз", - деб гап бошлади Тимур Кападзе.

"Иккита яхши савиядаги терма жамоалар ўртасидаги ўйин кутиб турибди. Биз бу ерга ғалаба учун келганмиз. Бор кучимизни бериб ўйнаймиз", - деди Аббос Файзуллаев.

- Биламизки, айни пайтда уч нафар ўзбекистонлик футболчи Эрон чемпионатида ўйнамоқда. Бу сизга Эрон терма жамоаси ҳақида ўзига хос маълумотлар олишда қанчалик ёрдам беради?

- Эрон терма жамоаси ва Эрон лигасини яхши биламиз. Охирги йилларда бир неча бор тўқнаш келдик. Ўзимиз ҳам маълумотлар тўпладик, футболчилардан ҳам маълумотлар олдик.

- Шомуродов Италияда ўйнамоқда, Ҳусанов АПЛга ўтди. Аббосбек Файзуллаев ҳам келажакда Европанинг топ чемпионатларида ўйнашни режалаштирмоқдами?

Аббос Файзуллаев: - Савол учун катта раҳмат. Лекин ҳозир бу саволга жавоб беришнинг вақти эмас деб ўйлайман. Сабаби эртага бизни жуда муҳим ўйин кутиб турибди.

- Сиз Ўзбекистон терма жамоасида кўп йиллар ўйнагансиз. Қайси авлод кучлироқ бўлган деб ўйлайсиз? Ҳозирги жамоа ЖЧга чиқиш учун етарлича салоҳиятга эгами?

- Менимча солиштириш нотўғри. Ўша пайтда ўша авлод кучли эди, ҳозирги энг кучли авлод терма жамоада ўйнамоқда. Насиб қилса мақсадимиз сари яқинмиз!

- Машарипов дисквалификация туфайли ўйнай олмайди. Унинг ўрни қанчалик билинади? Остон Ўрунов эса Қирғизистон билан ўйнамади, у Эрон билан майдонга туша оладими?

- Улар терма жамоамизнинг муҳим футболчилари ҳисобланади. Бу футбол, дисквалификациялар учраб туради. Остонда жароҳат бор, тайёрланмоқда. Ўйинга тайёр бўлса тушади. Қолган футболчилар соғ-саломат.

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт