
“Манчестер Сити” жорий мавсумда ўзи қўлга киритиши мумкин бўлган ягона соврин учун илдам одимламоқда. Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия кубоги чорак финалида “Борнмут” меҳмони бўлиб, катта қийинчилик билан ғалаба қозонди.
Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган учрашувда ҳисобни мезбонлар очди. Эванилсон Абдуқодир Ҳусанов билан курашда тўпни “шаҳарликлар” дарвозасига жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлимда Эрлинг Холанд ва Умар Мармуш жамоани қутқарди. Ҳар икки ҳужумчига ассистни Ҳусановни ўрнига майдонга тушган Нико О'Рейли ошириб берди.
Нуфузли манба – cityxtra.co.uk экспертлари “Манчестер Сити” футболчиларининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.
Эдерсон – 5:
Бразилиялик голкипер учун ўйин анча қийин бошланди. Иккинчи бўлимда Эдерсон яна ўз даражасида ишончли ўйнай бошлади. Барча зарбаларни бартараф этди.
Матеус Нуньес – 6,5:
Биринчи бўлимда рақиб ҳужумчиси Антуан Семеньони тўхтатишга қийналди. Голли вазият юзага келганида бўш ўйнади. Беллашувнинг иккинчи ярмида ишончли ҳаракат қила олди.
Абдуқодир Ҳусанов – 5:
Биринчи 45 дақиқалик Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси учун жуда оғир келди. Голга қаршилик кўрсата олмади. 37-дақиқадаёқ сариқ карточка олгани марказий ҳимоячининг ҳаракатларини чеклаб қўйди. Бу ҳолат Хосеп Гвардиола танаффусда уни алиштиришига сабаб бўлди.
Рубен Диаш – 7:
“Манчестер Сити”нинг барча ҳимоячилари каби биринчи бўлимда ўз даражасида ўйнай олмади. Бироқ кейин ҳимояда бехато ҳаракат қилди.
Йошко Гвардиол – 7:
Хорватиялик қанот ҳимоячиси иккинчи бўлимда ҳимоя марказига ўтказилди ва “шаҳарликлар” мудофаасининг барқарорлигини таъминлади.
Матео Ковачич – 7:
“Шаҳарликлар”нинг марказий ярим ҳимоячиси жамоадоши Илкай Гюндоған билан ҳамкорликда майдон марказида устунликни таъминлаб берди.
Илкай Гюндоған – 8:
Германиялик футболчи сўнгги пайтлардаги энг яхши ўйинини намойиш қилди. Ярим ҳимоя чизиғини тўлиқ назорат қила олди. Етакчилик қобилиятини яна бир бор кўрсатди. Рақиб дарвозасига хавф солди.
Бернарду Силва – 7:
Португалиялик ҳужумкор футболчи учрашув давомида барқарор ўйнади. Паслари билан ўткир ҳужумлар ташкил қилишга уринди.
Фил Фоден – 5:
Англия терма жамоаси ўйинчиси қанчалик уринмасин ўйинга ижобий таъсир ўтказа олмади ва заҳирага чиқишга мажбур бўлди.
Кевин Де Брюйне – 7:
Бельгиялик плеймейкер иккинчи бўлимда ўйин темпини ушлаб турди ва жамоаси учун бир неча хафли ҳужумлар уюштириб берди.
Эрлинг Холанд — 7:
Биринчи бўлимда пенальтини амалга ошира олмаган ва қулай вазиятларни бой берган Холанд ўйиннинг иккинчи ярмида ҳисобни тенглаштириб, жамоасини курашга қайтарди.
Нико О'Рейли – 9:
Ёш футболчи танаффусда Ҳусановнинг ўрнини эгаллаганидан кейин ўйин қаҳрамонига айланди. Ажойиб ҳаракат қилган Нико жамоасининг ҳар икки голига ассистентлик қилди.
Умар Мармуш – 8:
Заҳирадан майдонга тушиши билан ўйинга ижобий таъсир ўтказди. Ўйин охиригача рақибни босим остида ушлаб турди. Ғалаба тўпини айнан Мармуш киритди.
Жек Грилиш — 7,5:
Иккинчи бўлимда жамоасининг устунлигини ушлаб туришда жонбозлик кўрсатди.
Нико Гонсалес – 6,5:
Майдон марказида ҳимоявий ҳаракатларни бошқариб турди. Бош мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилди.
Жеймс МакЭти – 6:
Жамоадоши Жек Грилиш билан тўпни назорат қилишда фаоллик кўрсатди. Керак пайтда ўйин темпини туширишга эришди.
Энди манчестерликлар Англия кубогининг финалига чиқиш учун жиддий рақиб — “Ноттингем Форест” футболчилари билан куч синашади. Ярим финал баҳслари 26-27 апрель кунлари ўтказилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар