date 15:16 / 06.04.2025
views 502

Италия футболи: Миландаги триллерлар (видео)

Италия футболи: Миландаги триллерлар (видео)
Шанба оқшомида Италия футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият билан ушбу мақола орқали танишиб олишингиз мумкин.

«Парма» – «Интер» 2:2
Голлар
: Бернабе 60, Ондрейка 69 – Дармиан 15, Тюрам 45.
«Парма» – Судзуки, Алмквист (Леони 46), дел Прато, Волякко, Валенти, Валерий, Эрнани (Бернабе 46), Кейта, Зом (Ондрейка), Ман (Пелегрино 46), Бонни (Камара 78)
«Интер» — Зоммер, Биссек, Ачерби, Бастони (Аугусто, 46), Дармиан, Чалхонўғли (Фраттези, 65), Асллани (Арнаутович, 81), Мхитарян, Димарко (Залевский, 59), Мартинес (Корреа, 65), Тюрам.
Огоҳлантиришлар: Алмквист (28), дел Прато (90+2) – Димарко (57), Залевский (89), Корреа (90+5)

«Парма»ни нафақат кўрсатган характери, балки скудетто учун курашни кескинлаштиргани учун ҳам мақтаса арзийди. «Интер» эса жорий мавсумнинг ўзида иккинчи марта икки тўп фарқни бой берди. Аммо рақиб «Ювентус» (4:4) бўлгани бошқа гап, лигада жон сақлаш учун курашаётган рақиб бошқа гап. Ҳолбуки Лаутаро Мартинес сафга қайтиши аввалига нерадзурриларга омад олиб келганди. Қолаверса, ҳисоб 0:0 ва 1:0 ҳолатларида Зоммернинг сейвлари голлардан қутқарди.

Бўлим охирида Тюрам Мхитаряннинг узатмасидан сўнг иккинчи голни урганида ўйин масаласи ҳал бўлгандек эди. Аммо биринчи бўлимда фойдаланилмаган вазиятлар иккинчи бўлимда панд берди. Энди омад «Парма»га кулиб боқа бошлади, Зоммер иккинчи голни рикошет туфайли ўтказиб юборди. Ўйин охирида мезбонлар ғалабани илиб кетиш учун ўта қулай имкониятни қўлдан бой бергани ҳисобга олинса, дуранг ҳам Симоне Индзаги жамоаси учун ёмон натижа эмас. Аммо «Наполи» якшанба куни ўз ўйинида Болоняда ғалаба қозонса, пешқадам билан орадаги фарқ 1 очкогача қисқаради.

«Милан» – «Фиорентина» 2:2
Голлар
: Абраҳам 23, Йович 64 – Тиав 7 (автогол), Кен 10.
«Милан» — Менян, Уокер, Томори, Тиав, Эрнендес, Муса (Йович, 23), Фофана (Чуквуэзи, 80), Пулишич, Рейндерс, Леау, Абраҳам (Ҳименес, 55, Фелиш, 80).
«Фиорентина» — Де Хеа, Понграчич, Мари, Раниери, Додо, Мандрагора, Каталди, Фаджоли, Париси, Гудмундссон, Кен.

Миланнинг бошқа жамоаси ўйини ҳам бундан кам бўлмаган, балки ундан ҳам драматикроқ бўлиб чиқди. Россонерилар сўнгги вақтларда рақибга биринчи бўлиб гол уриш имконини бериши одатий ҳолга айланди, аммо бу сафар янги «даража»га чиқилди ва 10-дақиқага келиб иккита гол ўтказишди. «Фиорентина»нинг иккинчи голига муаллифлик қилган Мойзе Кин учун бу мавсумдаги 22-гол бўлди. У флоренцияликлар тарихидаги тўпурарлар рўйхатида Алберто Жилардино (2008/09)нинг натижасини яхшилашга қараб кетмоқда.

Лекин бундай ёмон старт Сержиу Консейсау жамоасини карахт ҳолатга сололмади ва жамоа тўлиқ куч билан ҳужумга ўтди. 23-дақиқада Абраҳам чиройли гол билан ҳисобни қисқартирди. Иккинчи бўлимда «Милан» янада кучлироқ ўйнади ва учрашув дарвозабонлар бенефисига айланди. Менян ақл бовар қилмас сейв билан Кен иккинчи голни уришига йўл қўймади, Де Хеа эса бир метр масофадан туриб такрорий зарба берган Пулишичга гол уришга йўл қўймади ва бирга-бир вазиятга чиқиб келаётган Сантяго Ҳименесни тўхтатди.

Аммо ўйиндаги тўртинчи гол барибир урилди. Захирадан тушган Йович Фофананинг пасидан кейин яккама-якка вазиятдан фойдаланди. Ўйин охирида Додо урган гол эса офсайд туфайли бекор қилинди ва «Фиорентина» ғалабани илиб кетиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бу икки томонни ҳам қониқтирмайдиган дуранг бўлди: «Милан» ва «Фиорентина» турнир жадвалида қўшнилар (саккизинчи ва еттинчи ўринлар) бўлиб қолишди, бу ўринлар эса еврокубокларга йўлланма бермайди. Уларда ҳозирча фақат Италия Кубоги ва Конференциялар лигаси ғолиби сифатида йўлланма олиш имконияти бор.

Италия А Серияси 31-тур ўйинларидан кейинги мусобақа жадвали қуйидаги кўринишга келди:


Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт