date 23:58 / 06.04.2025
views 5 103

«Куч тежамаймиз, ғалаба учун курашамиз» — Ислом Исмоилов Хитой устидан қозонилган ғалаба ҳақида

«Куч тежамаймиз, ғалаба учун курашамиз» — Ислом Исмоилов Хитой устидан қозонилган ғалаба ҳақида
U-17 Осиё кубоги 2-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон учрашувидан сўнг ёшлар терма жамоамиз мураббийи Ислом Исмоилов ўйин бўйича ўз таассуротларини баҳам кўрди.

«Табрик учун раҳмат. Аммо ҳали расман кейинги босқичга чиқмадик. Саудия Арабистони – Таиланд ўртасидаги натижани кутиб турибмиз. Албатта, катта эҳтимол билан йўлланмани қўлга киритдик деб ўйлайман», — деди мураббий.

Исмоиловнинг таъкидлашича, Хитой термаси мағлубиятга учратилиш лозим бўлган рақиблардан бири эди ва бунинг учун жамоа жуда жиддий тайёргарлик кўрган.

«Футболчиларга ортиқча босим бермаслик учун уч кун давомида улар билан суҳбатлар ўтказдик. Барибир, Жаҳон чемпионати йўлланмаси масаласи турган бир пайтда эмоциялар бўлади. Мухлислар ва раҳбариятнинг ишончини оқлаганимиздан мамнунмиз», — дея қўшимча қилди у.

Иккинчи бўлимда ўзгаришлар натижа берди

Биринчи бўлимда қарши ҳужум сабаб гол ўтказилган бўлса-да, танаффусдаги руҳий тайёргарлик ўз самарасини берган.

«Танаффусда йигитларга ўйинимиз ёмон ўтмаётганини, фақат руҳиятни кўтариш кераклигини айтдик. Биз Хитой 60-дақиқалардан сўнг толиқишни бошлашини олдиндан таҳлил қилгандик. Ҳаммаси режа асосида кечди», — дейди мутахассис.

Ўзбекистон жамоаси иккинчи бўлимда тўлиқ устунликни ўз қўлига олди ва ғалаба қозониш учун бор кучи билан ҳаракат қилди.

«Кейинги ўйинда ҳам фақат ғалаба керак»

Исмоилов кейинги учрашувда ҳам шунчаки майдонга тушиш эмас, балки навбатдаги 3 очкони қўлга киритиш учун кураш олиб борилишини таъкидлади:

«Кейинги ўйинда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз куч тежамоқчи эмасмиз», — деб жавоб берди у.

Мураббийнинг бу қатъий ва ишончли сўзлари ёшлар термаси олдида катта мақсадлар турганини яна бир бор кўрсатмоқда. Олға, Ўзбекистон!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт