date
views 77

Президент Ўзбекистон хоккей терма жамоасини юксак ғолиблик билан табриклади

Президент Ўзбекистон хоккей терма жамоасини юксак ғолиблик билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон хоккей терма жамоаси Жаҳон чемпионати IV дивизионида ғолиб бўлгани билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

“Президент Шавкат Мирзиёев спортчиларимизнинг ютуқларини алоҳида қизиқиш ва эътибор билан кузатиб боряптилар”, деб ёзди у.
Шерзод Асадов апрель ойида Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги муваффақиятлари футбол билангина чекланиб қолмаганини қайд этиб ўтди. Жумладан, хоккей бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам халқаро майдонда ажойиб натижа кўрсатди. Арманистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида хоккейчилар ўз дивизионида ғолиб бўлиб, келгуси мавсумда учинчи дивизионда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бундан олдин, март ойида Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган хоккейчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам терма жамоа ғалаба қозонган эди.

Саудия Арабистонида ўтказилган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида юртдошларимиз 12 та — 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз тарихида биринчи марта умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

“Бу ютуқлар, энг аввало, йигит-қизларимизнинг тинимсиз меҳнати, юксак маҳорати, мустаҳкам иродаси ва матонати туфайлидир. Бунда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва тизимли давлат сиёсатининг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланди, янги мактаблар очилмоқда, спортчиларнинг профессионал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда”, дея қайд этди Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари хоккейчи ва енгил атлетикачилар юксак зафарлари билан табриклаб, ота-оналари, устоз ва мураббийларига миннатдорлик билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Президент Ўзбекистон хоккей терма жамоасини юксак ғолиблик билан табриклади