Президент футболчиларга ишонч билдириб, мардона ўйнашга чақирди (фото)

Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан учрашув ўтказди. Давлат раҳбари АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати олдидан футболчилар, мураббийлар штаби ва бутун футбол жамоатчилигини тарихий ютуқ билан самимий табриклади.
Президент таъкидлаганидек, Ўзбекистон халқи бу кунларни 34 йил давомида интизорлик билан кутди. Миллий терма жамоамизнинг илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани нафақат спортдаги ғалаба, балки бутун мамлакат учун тарихий воқеа бўлди. Шу маънода, бу футболчиларни Ўзбекистон футбол тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб аташ мумкин.
Давлат раҳбари футболчиларнинг ҳар бир ўйинга юксак масъулият, кучли тайёргарлик ва ватансеварлик руҳи билан майдонга тушганини алоҳида таъкидлади. Уларнинг ғалабага бўлган иштиёқи, иродаси ва курашувчанлиги халқимизга олам-олам қувонч бағишлади. Президент мундиал йўлланмаси қўлга киритилган кун ўзини ҳам чексиз ҳаяжон ва фахр чулғаб олганини айтди.

“Тўғрисини айтсам, мундиал йўлланмаси қўлга киритилган куни кўзимга уйқу келмади. Барча юртдошларимиз каби мен ҳам ич-ичимдан қувондим, байрам қилдим”, — деди давлат раҳбари.
Президент футболчилар, уларни вояга етказган ота-оналар, устозлар ва мураббийларга миннатдорлик билдирди. Чунки бу ютуқ фақат майдондаги 11 нафар футболчининг эмас, балки йиллар давомида қилинган меҳнат, сабр, тарбия ва ишончнинг самарасидир.
Учрашувда маданият, адабиёт ва санъат вакиллари ҳам иштирок этгани қайд этилди. Давлат раҳбари шоирлар, адиблар ва санъаткорлар футболчилар жасоратидан илҳомланиб, янги шеърлар, асарлар, қўшиқлар ва мадҳиялар яратаётганини таъкидлади. Бу терма жамоамизнинг ютуғи спортдан ташқари, бутун жамиятга руҳ ва илҳом бераётганини кўрсатади.
Шунингдек, тадбиркорлар ҳам футболчилар муваффақияти орқали миллий брендларни дунёга танитиш, янги бозорларга чиқиш ва Ўзбекистон номини халқаро майдонда янада кенгроқ тарғиб қилиш имкониятига эга бўлаётгани айтилди. Демак, миллий жамоанинг мундиалга чиқиши нафақат спорт, балки иқтисод, маданият ва ёшлар руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президент футболчилар ёшлар учун ҳақиқий ўрнакка айланганини ҳам алоҳида қайд этди. Бугун юртимизда “мен ҳам машҳур футболчи бўламан” деган болалар сафи ортиб бормоқда. Бу эса футболнинг тарбиявий, руҳий ва ижтимоий таъсири қанчалик катта эканини кўрсатади.
Сўнгги йилларда спорт, айниқса футбол инфратузилмасини ривожлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Жойларда 200 дан ортиқ йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан зиёд маҳаллада спорт майдончалари қурилди. Тошкентда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда “Миллий футбол маркази” фаолият бошлади. Ҳар бир вилоятда профессионал футбол академиялари ва футбол мактаблари ташкил қилинди.
Бу ишлар натижасида ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди. Футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 минг нафардан ошди, профессионал футболчилар сони эса 17 мингга етди. Энг муҳими, футболда коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга қарши кураш кучайтирилиб, очиқ ва шаффоф тизим яратилгани таъкидланди. Айнан шу муҳит ҳақиқий иқтидорларни катта майдонга олиб чиқмоқда.
Давлат раҳбари футболни фақат профессионал спорт тури эмас, балки ёшлар тарбияси, соғлом турмуш, интизом ва ватансеварлик мактаби сифатида баҳолади. Шу мақсадда “Ҳар бир маҳалла — футбол майдони” дастури бошланиши маълум қилинди. Бу ташаббус умуммиллий ҳаракатга айланиши кутилмоқда.

Дастур доирасида “Маҳалла лигаси” ташкил этилади. Унда 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили “маҳалла — туман — вилоят — республика” босқичларидан иборат мусобақалар ўтказилади. Бу лойиҳа келажакда профессионал клублар учун иқтидорли футболчиларни саралашда тайёр база вазифасини ўтайди.
Учрашувда терма жамоа билан машҳур мутахассис Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби ишлаётгани ҳам қайд этилди. 2006 йилги Жаҳон чемпионатида Италия терма жамоаси сардори сифатида чемпион бўлган Каннаваро ўз фаолиятида “Олтин тўп” совринини ҳам қўлга киритган кам сонли ҳимоячилардан бири ҳисобланади. Президент уни мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштироки билан табриклаб, мураббийлар штабига янги зафарлар тилади.
«Фурсатдан фойдаланиб, Фабио Каннаварони мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштирокини табриклаб, мураббийлар штабига янги зафарлар тилайман», – деди давлатимиз раҳбари.
Каннаваро жамоага жисмоний тайёргарлик, ҳужумчилар билан ишлаш, тиббий хизмат, нутритсиология ва овқатланиш йўналишида халқаро тажрибага эга мутахассисларни жалб қилгани ҳам эътироф этилди. Бу Жаҳон чемпионати каби улкан мусобақа олдидан терма жамоа тайёргарлигини янада профессионал босқичга олиб чиқади.

Президент футболчиларга мурожаат қилиб, мундиалда осон ўйин бўлмаслигини таъкидлади. Ўзбекистон Португалия, Колумбия ва Конго каби терма жамоаларга қарши майдонга тушади. Табиийки, халқ ҳар бир баҳсда ғалаба кутади. Аммо давлат раҳбари футболчилар тарихни аллақачон яратиб бўлганини, энди майдонга ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан тушиш кераклигини айтди.
“Энди футболчиларга қарата айтмоқчиман: жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Сизлар Португалия, Колумбия, Конго каби терма жамоалар билан ўйнайсизлар. Халқимиз ҳар бир ўйинда сизлардан ғалаба кутиши табиий, албатта.
Лекин бир нарсани доимо ёдда тутинг: сизлар тарихни аллақачон яратиб бўлдингиз!
Олдингизда турган муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, борингизни бериб ўйнанг. Ҳар бир тўп, ҳар бир вазият, майдоннинг ҳар бир қаричи учун охиригача курашинг!” — деди Президент.
Давлат раҳбари Жаҳон чемпионатида терма жамоамизни фан-клублар, минглаб мухлислар ва Америкадаги ватандошларимиз стадионлардан қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шу билан бирга, 40 миллионга яқин халқимиз ҳар бир ўйинни экран ортидан катта ҳаяжон билан кузатади. Бу футболчилар учун улкан масъулият, аммо шу билан бирга беқиёс куч манбаи ҳамдир.
Қисқаси, Президентнинг терма жамоа билан учрашуви футболчилар учун катта руҳий далда бўлди. Ўзбекистон илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олмоқда ва бу сафар фақат иштирок учун эмас, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун майдонга тушади. Халқ ишонади, Президент ишонади, энди навбат футболчиларда: борини бериш, мардона ўйнаш ва Ўзбекистон номини дунё майдонида баланд жаранглатиш.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!