Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоровни тарихий ғалаба билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровни Ўзбекистон шахмат тарихидаги илк ва ноёб зафар билан табриклади. Давлат раҳбари ёш гроссмейстернинг юксак маҳорати ва иродасини олдига суриб, унга жаҳон тожи учун курашда зафарлар тилади. Шунингдек, Президент спортчининг ота-онаси ва устозларига ҳам миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбари ёш гроссмейстерни Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор мазкур нуфузли мусобақада ғолиб бўлиб, ҳақиқий тарихий натижа қайд этгани билан самимий табриклади.
Суҳбат давомида таъкидланишича, Жавоҳир Синдоров турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган натижани кўрсатиб, 13 та партияда 6 та ғалабага эришган. Бу эса шахмат оламида кам учрайдиган ўта ноёб ютуқ сифатида баҳоланди.
Президент ёш спортчи дунёдаги энг кучли шахмат усталарига қарши ҳар бир баҳсда юксак маҳорат, жасорат ва ирода намоён этганини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, уни олдинда янада масъулиятли босқич — жаҳон тожи учун кураш кутаётганини таъкидлаб, янги зафарлар тилади.
Шунингдек, 2026 йил Самарқандда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдоровнинг иштироки жамоага катта руҳ ва ишонч бағишлаши айтилди.
Давлат раҳбари ушбу тарихий ютуқ муносабати билан шахматчининг ота-онаси, устозлари ва яқинларини ҳам самимий табриклади.
Жавоҳир Синдоров эса билдирилган юксак эътибор ва ишонч учун Президентга чуқур миннатдорлик изҳор қилди.































Изоҳлар 0
…