
Испания чемпионатининг 33-турида “Реал Мадрид” жамоаси меҳмонда “Хетафе”га қарши мураккаб кечган учрашувда тор ҳисобда ғалаба қозонди. Ушбу ўйинда ягона голни урган Арда Гюлер жамоасига уч очко тақдим этди.
Бироқ бу ғалаба “қаймоқранглилар” учун анча қимматга тушгани маълум бўлди.
El Larguero нашри тарқатган хабарга кўра, ўйиннинг охирги дақиқаларида жиддий жароҳат олган Эдуардо Камавинга Испания кубогининг ҳал қилувчи финал баҳсида иштирок этолмайдиган бўлди. Эътиборлиси, 26 апрел куни бўлиб ўтадиган ушбу муҳим финалда “Реал” ўзининг ашаддий рақиби – “Барселона” билан чемпионлик учун кураш олиб боради.
Қизиғи шундаки, Камавинганинг ўзи майдонга биринчи бўлимнинг 46-дақиқасида Давид Алабанинг ўрнига тушганди. Австриялик футболчи ўйиннинг бошланғич қисмидаёқ чап оёғида оғриқ ҳис қилган ва шу сабабли мураббий уни эҳтиёт чораси сифатида алмаштирганди.
Аммо ўйиннинг сўнгги дақиқаларида рақиб футболчиси Луис Милья қўполлик билан ҳаракат қилиб, франциялик ёш футболчига жиддий шикаст етказди. Шундан сўнг Эдуардо майдонда ҳаракатлана олмаслигини сездирди. Бунда энг катта муаммо шунда эдики, шу пайтга келиб “Реал”нинг алмаштириш имкониятлари тугаган эди. Натижада мадридликлар ўйиннинг қолган қисмини бир киши кам бўлиб ўтказишга мажбур бўлди.
Энди “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги принципиал тўқнашувда Камавинга майдонга туша олмаслиги Карло Анчелотти жамоасининг режаларига жиддий таъсир қилиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар