
УЕФА келаси мавсумдан бошлаб Чемпионлар лигасидаги ўйинларнинг плей-офф босқичида қўшимча бўлимларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. «Bild» нашрининг хабар беришича, Европа футболининг бошқарувчи ташкилоти Чемпионлар лигаси регламентига ўзгартириш киритиш бўйича клубларнинг фикрини ўрганяпти.
Ҳозирда плей-оффда икки ўйин натижалари бўйича дуранг ҳолати кузатилганда, жамоалар қўшимча бўлимларда куч синашади. Янги таклифга кўра, ҳисоб тенг бўлганда ғолибни дарҳол пенальтилар серияси орқали аниқлаш режалаштирилмоқда. Бу ўзгариш футболчиларнинг жисмоний юкламасини анча камайтириши кутилмоқда.
Шу билан бирга, умумий босқич жадвалида юқори саккизликка кириб, нимчорак финалга тўғридан-тўғри чиққан жамоаларга плей-оффнинг барча босқичларида пастроқ ўринлардаги жамоаларга қарши иккинчи ўйинларни ўз майдонида ўтказиш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда. Бу қоида ҳозирда фақат нимчорак финал босқичида амал қилади.
Бундан ташқари, бир мамлакатдан бўлган клубларни чорак финалгача ажратиб қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Бунинг сабаби, дастлабки босқичларда бир мамлакат клублари ўртасидаги ўйинлар мухлислар ва трансляция эгалари учун қизиқарли бўлмайди, деб ҳисобланмоқда.
Чемпионлар лигаси низомига киритиладиган ўзгаришлар ҳақидаги якуний қарор УЕФА Мусобақалар қўмитаси томонидан 30 май куни Мюнхен шаҳрида ўтказиладиган УЕФА ассамблеясида қабул қилиниши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар