date
views 34

Тошкентда от спорти бўйича нуфузли мусобақалар авжида!

Тошкентда от спорти бўйича нуфузли мусобақалар авжида!
Пойтахтимизда жойлашган “Universal Horses Stable” от спорти мажмуасида от спортининг икки муҳим йўналиши — тўсиқлардан сакраш (конкур) ҳамда от йўрттириш (дрессаж) бўйича нуфузли халқаро ва маҳаллий мусобақалар қизғин давом этмоқда.

Ушбу мусобақалар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги, Жаҳон кубогининг 1–2-саралаш босқичлари, Осиё кубоги, CDI1* (FEI Dressage халқаро мусобақаси) ҳамда “FEI Dressage World Challenge” каби нуфузли турнирлар ўтказилмоқда.

Айниқса, CDI1* ва “FEI Dressage World Challenge” мусобақаларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси чавандозлари юқори савияда чиқиш қилиб, муносиб натижалар қайд этдилар. Миллий терма жамоамиз яккалик баҳсларида умумий ҳисобда 4 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза — жами 16 та медални қўлга киритиб, мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди. Шунингдек, жамоавий беллашувларда ҳам терма жамоамиз 2-ўринни эгаллаб, ўзбек чавандозларининг юқори маҳорат ва маҳоратини халқаро миқёсда яна бир бор намойиш этди.

Айни кунларда пойтахтимиздаги ушбу спорт майдонида тўсиқлардан сакраш йўналишида Жаҳон кубоги (2-босқич), “Maxima Masters Eurasia” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги мусобақалари қизғин ва кескин рақобат остида ўтмоқда. Бу мусобақаларда нафақат мамлакатимиздан, балки халқаро миқёсдаги чавандозлар ҳам ғолиблик учун ўз маҳоратини синаб кўришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтимиздаги мазкур от спорти бўйича катта байрам ва беллашувлар 28 апрелга қадар давом этади. Тошкент аҳолиси ва меҳмонлар спортнинг ушбу жозибали туридан завқ олиб, кучли спортчиларнинг ҳайратланарли чиқишларига гувоҳ бўлишлари мумкин. Шу боис, барча спорт ишқибозларини ушбу қизиқарли ва гўзал тадбирларга таклиф қиламиз.

Тошкентдаги мусобақаларда ўзбек чавандозларига омад тилаб қоламиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тошкентда от спорти бўйича нуфузли мусобақалар авжида!