
Испания Кубогининг ҳал қилувчи финал ўйини олдидан Мадриднинг «Реал» клуби ва ҳакамлар ўртасида жиддий можаро келиб чиқди. Бунга сабаб — ҳакамлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилган сўзлар бўлди. Натижада, "қироллик клуби" ўзининг режалаштирилган барча расмий тадбирларини бекор қилди ва ҳакамларга қарши кескин баёнот билан чиқди.
Мадридликларнинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий баёнотда клуб ҳакамларнинг ушбу матбуот анжуманида билдирган фикрлари ва муносабатини “мутлақо қабул қилиб бўлмас ва номақбул” деб баҳолаган.
«Реал Мадрид»нинг баёнотида таъкидланишича, ҳакамлар ўртасида “Реал”га нисбатан анча вақтдан буён очиқ-ойдин душманлик ва тарафкашлик мавжуд бўлиб келган. Бу эса «Реал Мадрид TV» томонидан сўнгги пайтларда эълон қилинган видеолавҳалар орқали яна бир бор намоён бўлди. Ушбу лавҳаларда ҳакамларнинг клубга қарши бўлган муносабати очиқ-ойдин кўрсатилган ва бу видео тарқалганидан кейин ҳакамлар томонидан “Реал”га қарши қандайдир чора-тадбирлар кўрилиши мумкинлиги ҳақида таҳдидли оҳангдаги баёнотлар янграган.
“Энг ҳайратланарлиси, ҳакамлар томонидан қилинган бу таҳдидомуз баёнотлар финал олдидан энг муҳим бўлиши лозим бўлган адолат, холислик ва бетарафлик каби тамойилларга мутлақо зиддир. Юз миллионлаб мухлислар кузатадиган бундай нуфузли спорт тадбири олдидан ҳакамларнинг бундай муносабати қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”, — дейилади «Реал» томонидан эълон қилинган расмий баёнотда.
Шу билан бирга, мадридликлар ушбу жиддий вазиятга Испания футбол федерацияси (RFEF) ва ҳакамлар ҳайъати раҳбарлари эътибор қаратиб, ўз ташкилотлари обрўси ва нуфузини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўришларига умид билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Испания Кубогининг финал баҳси 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 01:00 да старт олади. «Реал»нинг ушбу кескин баёнотидан сўнг, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги қизғин муҳокамалар янада кучайди.
Испания футболидаги бу жанжалнинг кейинги давомини футбол жамоатчилиги диққат билан кузатмоқда. Мадрид клуби ва ҳакамлар ўртасидаги муносабатлардан кейин Кубок финали янада қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар