
Англия Премьер-лигасига ўтиб, илк ўйинлардаёқ “Манчестер Сити” таркибида ўз маҳоратини кўрсатган ўзбекистонлик иқтидорли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтларда майдонда кўриниш бермаяпти. Унинг таркибга қўйилмаётгани футбол жамоатчилиги, экспертлар ва мухлислар ўртасида кўплаб саволларга сабаб бўлмоқда.
Қозоғистонлик футбол таҳлилчиси ва шарҳловчи Бексултон Кеулимкос бу вазият бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Ҳусановнинг характер ва интизоми
Кеулимкосга кўра, Абдуқодир Ҳусановнинг шахсий фазилатлари ва характерига нисбатан бирор салбий гап йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Унинг фикрича, ўзбек легионери руҳий жиҳатдан жуда бақувват, ҳар қандай босимга чидамли футболчи. Тартиб-интизом масаласида ҳам у жамоадошлари орасида намунавий спортчи ҳисобланади. Бу жиҳатдан ҳеч қандай савол ёки муаммо мавжуд эмас.
Абдуқодирнинг асосий таркибдан қолдирилиши сабаби нима?
Экспертнинг фикрига кўра, Ҳусановнинг асосий таркибдан чиқарилишига сабаб ҳимоя марказида Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш каби футболчиларнинг ҳозирги кундаги бехато ва юқори даражадаги ўйинидир. Шунингдек, “Манчестер Сити” таркибига ёш иқтидор эгаси Нико О’Райли ҳам қўшилди ва у айнан Ҳусанов ўйнаган чап қанотда ўз имкониятларини кўрсатмоқда.
“Борнмут”га қарши ўйинда Гвардиола Абдуқодирни заҳирага олиб, Нико О’Райлини майдонга туширди, Йошко Гвардиол эса марказга кўчди.
Ҳусанов услубининг Гвардиола футболига мос келмаслиги
Таҳлилчи фикрича, Ҳусановнинг ўйин услуби “Манчестер Сити” услубига унчалик мос келмайди. Гвардиоланинг жамоаси ҳар бир учрашувнинг камида 70 фоизида тўпни ўз назоратида ушлаб туради. Бундай ҳолатда эса юқори даражада тўп узатиш қобилиятига эга футболчилар жуда муҳим ҳисобланади.
Ҳусанов эса кўпроқ тўпни рақибдан тортиб олиш, жисмоний кураш ва тезкорликка асосланган ўйин услубига эга бўлган ҳимоячи ҳисобланади. Бундай футболчилар асосан рақиб жамоа кўпроқ тўпга эгалик қилган ҳолатларда жуда катта фойда келтириши мумкин. Бу эса “Сити”нинг ҳозирги футбол фалсафасига зид келади.
Шу боис, Абдуқодирни майдонда рақибга кучли прессинг уюштирувчи, жисмоний кураш асосида ўйновчи жамоалар — “Ливерпуль”, “Тоттенхэм” ёки “Реал Мадрид”га қарши беллашувларда майдонга тушириш маъқулроқ.
Абдуқодирга қандай жамоалар мос келади?
Эксперт Кеулимкоснинг фикрича, Ҳусанов ўзининг ўйин услуби билан “Ювентус”, “Атлетико Мадрид” ва “Реал Мадрид” каби клубларда кўпроқ муваффақият қозониши мумкин. У буни мадридликларнинг ҳимоячиси Рауль Асенсио мисолида кўрсатади. Асенсио ҳам Ҳусанов каби юқори тезлик ва жисмоний курашга асосланган ўйинчи, аммо испаниялик сифатида тўп узатиш маданияти юқори шаклланган, бу жиҳатдан бироз устунликка эга.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жорий йилнинг январь ойида француз клуби “Ланс”дан 40 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган эди. Ҳусанов манчестерликлар сафида жами 9 та расмий учрашув ўтказиб, 1 та гол уришга ҳам эришди.
Ҳозирги вақтда Transfermarkt экспертлари Абдуқодир Ҳусановнинг бозор қийматини 35 миллион евро деб баҳоламоқда. Унинг амалдаги шартномаси эса 2029 йилнинг ёзигача тузилган.
Манчестер СитиАбдуқодир ҲусановАнглия Премьер-лигасиБексултон Кеулимкос40 миллион евро Футбол Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар