
Ўзбекистон Суперлигасининг 7-туридан ўрин олган «Пахтакор» ва «Шўртан» жамоалари ўртасидаги баҳсдан кейин мезбонлар устози Педру Морейра учрашув ҳақида ўзининг атрофлича фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ўйинга яхши тайёргарлик кўрган ҳолда киришдик. Биринчи бўлимда асосан ҳужумга кўпроқ эътибор қаратдик ва рақибга нисбатан анча фаол ҳаракат қилдик. Натижада гол уриш учун кўплаб имкониятларни ярата олдик. Шу билан бирга, рақибнинг хавфли ва кучли томонларини нейтраллаштиришга муваффақ бўлдик. Бугунги учрашувда ғалаба қозонишимиз жуда муҳим эди. Шунинг учун футболчилардаги ўйинга бўлган иштиёқ ва кайфиятни сақлаб қолиш асосий вазифаларимиздан бири бўлди», – деди Морейра.
Португалиялик мутахассис жамоа бир ўйинчи кам бўлиб қолганидан кейин қандай ҳаракат қилгани ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди:
«Таркибимиз бир киши камайиб қолганида, табиийки, асосий эътиборимиз ҳимоя чизиғига қаратилиб, рақибнинг бизга хавф солишига йўл қўймасликка интилдик. Жамоа бу вазифани яхши бажариб, рақибни дарвозамизга яқинлаштирмасликни уддалади. Ўйин давомида рақиб жамоага деярли яққол имкониятлар тақдим қилмадик».
Шу билан бирга, Морейра бўш ҳудудлардан яхши фойдаланган ҳолда янада кўпроқ гол уриш имконияти борлигини, аммо вазиятларни голга айлантиришда камчиликлар бўлганини тан олди:
«Рақиб яратган бўш ҳудудлардан яхши фойдаланиб, голлар сонини кўпайтириш имкониятига эга эдик. Афсуски, бу имкониятларни тўлиқ голга айлантира олмадик. Шунга қарамай, олдинги турда Фарғонадаги муҳим ўйинда ҳам, бугунги учрашувда ҳам қийин, аммо муҳим ғалабани қўлга киритдик», – дея сўзини якунлади «Пахтакор» бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, Педру Морейра шогирдлари Суперлиганинг кейинги турларида ҳам муваффақиятли натижаларни қўлга киритишга ва чемпионлик учун асосий давогарлар қаторида бўлишга интилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар