
Арне Слот бошқарувидаги «Ливерпуль» клуби Англия Премьер-лигаси 34-турида ўз майдонида «Тоттенҳэм» устидан 5:1 ҳисобида йирик ғалаба қозониб, муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини расман қўлга киритди.
Ушбу ўйин мезбон жамоа учун осон бошланмаганди. Баҳснинг 12-дақиқасида «Тоттенҳэм» футболчиси Доминик Соланке биринчи бўлиб ҳисобни очди ва «шпорлар»ни олдинга олиб чиқди. Лекин бу вазиятдан кейин «Ливерпуль» футболчилари вазиятни кескин ўзгартириб юборди.
Биринчи бўлимнинг қолган қисмида Луис Диас, Алексис Мак Аллистер ва Коди Гакпо рақиб дарвозасини бирин-кетин ишғол қилиб, ҳисобни 3:1 га етказди. Иккинчи ярмда эса Муҳаммад Салоҳ ўз голини киритиб, ҳисобдаги фарқни янада оширди. 69-дақиқада «Тоттенҳэм» ҳимоячиси Дестини Удоджи ўз дарвозасига автогол уриб қўйиб, жамоасининг мағлубиятини янада оғирлаштирди.
Шундай қилиб, 5:1 ҳисобидаги йирик ғалаба туфайли «Ливерпуль» чемпионлик пойгасида энг яқин таъқибчиси «Арсенал»дан 15 очкога узоқлашиб, мавсум тугашига тўрт тур қолганида Премьер-лигада чемпионликни расмийлаштирди.
Ушбу чемпионлик «Ливерпуль» тарихида юбилей 20-маротаба қайд этилмоқда. Бу натижа билан «қизиллар» Англия чемпионлиги бўйича рекордчи саналган «Манчестер Юнайтед» жамоасига тенглашиб олди. Эслатиб ўтамиз, манчестерликлар сўнгги марта мамлакат чемпионлигини 2013 йили қўлга киритишганди.
Англия чемпионатлари тарихида энг кўп чемпионликни қўлга киритиш бўйича учинчи ўринда «Арсенал» клуби бормоқда. «Канонирлар» умумий ҳисобда 13 марта бош совринни қўлга киритган.
Абдуқодир Ҳусанов ҳаракат қилаётган «Манчестер Сити» бу мавсум чемпионлик учун курашни охиригача давом эттира олмади. «Шаҳарликлар» кетма-кет тўрт марта Премьер-лигада чемпионликни қўлга киритган ягона жамоа сифатида тарихда қолмоқда. Уларнинг ҳисобида эса умумий 10 та мамлакат чемпионлиги бор. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар