
Ўзбекистонлик профессионал бокс юлдузи Муроджон Аҳмадалиев ва япон боксининг асосий юзига айланган Наоя Иноуэ ўртасидаги кутилган тўқнашув бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди. Жанг 14 сентябрь куни Япония пойтахти Токиода ташкил этилади.
Matchroom boxing промоутерлик компаниясининг раҳбари Эдди Ҳирн ўзининг Instagram саҳифасида Аҳмадалиев билан тушган суратини жойлаштириб, икки боксчи ўртасида келишув амалга ошганини маълум қилди.
«Барча музокаралар ниҳоясига етди. Ўзбек бокси кучига қарши Монстр! Дивизиондаги энг муҳим ва зўр жанг бўлади», — дея таъкидлади Эдди Ҳирн.
Маълумот учун, Наоя Иноуэ аввалроқ 5 май куни Лас-Вегасда америкалик Рамон Карденас билан тўқнашув ўтказади. Агарда япон боксчиси бу жангда ғалаба қозонса, сентябрь ойида ўз камарларини Муроджон Аҳмадалиевга қарши ҳимоя қилади.
Профессионал боксда ярим енгил вазн тоифасининг собиқ жаҳон чемпиони, 30 ёшли Муроджон Аҳмадалиев (12 ғалаба, 1 мағлубият, 9 нокаут) 2024 йил декабрида бўлиб ўтган охирги жангда мексикалик Рикардо Эспиноса Франкони учинчи раунддаёқ нокаутга учратган эди. Ўша ғалабадан кейин ўзбек спортчиси Иноуэни жангга чақирган.
Ўз навбатида, 32 ёшли Наоя Иноуэ (29 ғалаба, 0 мағлубият, 26 нокаут) ҳозирги вақтда супер вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлиб, ўз фаолияти давомида тўртта вазн тоифасида жаҳон чемпионлигига эришган. Япониялик «Монстр» тахаллуси билан машҳур бўлган бу боксчи ҳозирда WBC, WBO, IBF ва WBA чемпионлик унвонларига эгалик қилади.
Ушбу жанг спорт оламида катта қизиқиш билан кутиб қолинмоқда. Мураббийлар ва мухлислар томонидан ушбу кураш икки йирик чемпион ўртасидаги йилнинг энг муҳим ва шов-шувли жангларидан бири сифатида баҳоланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг