
Италия чемпионатида Клаудио Раньери бошчилигидаги “Рома” клуби ажойиб натижалар билан барча диққат марказида турибди. Қиш фасли ўрталарида Евро Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳақида гапириш мумкин эмасдек кўринган жамоа, ҳозир бу нуфузли мусобақанинг йўлланмасини қўлга киритиш учун реал имкониятга эга бўлди.
Италиянинг энг нуфузли нашрларидан бўлган La Repubblica газетаси экспертлари “Рома”нинг кетма-кет 19 ўйинлик мағлубиятсиз сериясини атрофлича таҳлил қилди. Пойтахт клуби бу давр мобайнида 14 марта рақибларини мағлуб этган бўлса, яна 5 марта дуранг натижа қайд этган.
Айниқса, охирги ўйиндаги “Фиорентина”га қарши учрашувдаги ғалаба, аниқроғи, ягона голнинг муаллифлари – Элдор Шомуродов ва Артём Довбик тандемининг самарадорлиги алоҳида таҳсинга сазовор бўлди.
La Repubblica газетаси мазкур жуфтликка “Римни Европага элтувчи куч” сифатида юқори баҳо берган ҳолда, “Рим Шомуродов ва Довбик билан Европага яқинлашмоқда” сарлавҳали катта мақола эълон қилди. Газетада футболчиларнинг ўйин услублари, ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг аҳамияти чуқур ўрганилган:
– «Икки ҳужумчи – Элдор Шомуродов ва Артём Довбикнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги туфайли “Рома” Европа Чемпионлар Лигаси орзусига янада яқинлашди. “Фиорентина” устидан қозонилган ғалабада бу икки футболчи жамоанинг кучини ва имкониятларини намоён қилди», деб ёзади нашр.
Таҳлилчиларга кўра, бу икки футболчи ўйин услуби жиҳатидан бир-бирини ажойиб тарзда тўлдирмоқда. Артём Довбикнинг кучли томони – жисмоний курашлардаги устунлиги ва рақиб жарима майдони ичидаги курашувчанлиги бўлса, Элдор Шомуродовда бу ҳолат бутунлай бошқача. Ўзбекистонлик ҳужумчи тезлиги, юқори техникали ҳаракатлари ва доимий равишда бўш ҳудудлар очиши билан ажралиб туради. Бу эса, жамоанинг ҳужум чизиғида рақиб ҳимоячилари учун жиддий муаммолар яратиши мумкин.
– «Шомуродов ва Довбик жуфтлиги рақиблар учун энг катта хавф манбаи бўлиб қолмоқда. Улар ҳозирча жами 11 та учрашувда 350 дақиқадан ортиқ вақт бирга ҳаракат қилган ва ҳар гал майдонда бўлганларида ўйинни ўзгартириш қобилиятига эга эканликларини кўрсатишди», – деб таъкидлайди нашр экспертлари.
Клаудио Раньери ўз навбатида бу ҳужумчи жуфтлиги ҳақида тўхталар экан: «Довбик ва Шомуродов билан жамоамиз олдинги чизиқда мутлақо бошқача ва самарали ўйин кўрсатмоқда», дея фикр билдирган.
Айнан Элдорнинг муҳим ўйинлардаги самарали ҳаракатлари “Рома” учун жорий мавсумнинг ҳал қилувчи палласида жуда катта аҳамият касб этмоқда. Сўнгги бешта учрашувда тўрт марта муҳим гол ва ассист билан натижага тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган Шомуродов жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланган.
У дастлаб “Ювентус”га қарши ўйинда гол уриб, жамоасини мағлубиятдан сақлаб қолди. Кейинроқ “Верона” дарвозасига гол киритиб, ягона ғалабали гол муаллифи бўлди. “Интер” ва “Фиорентина” билан бўлиб ўтган кейинги ўйинларда эса жамоадошларига – Матиас Суле ва Артём Довбикка самарали узатмалар бериб, яна бир бор муҳимлигини исботлади.
Маълумот учун, Элдор Шомуродов жорий мавсумнинг барча турнирларида – Италия чемпионати, Италия кубоги ҳамда Европа лигасида умумий ҳисобда 34 ўйинда иштирок этган ва ўз ҳисобида 7 та гол ҳамда 5 та ассист қайд этишга муваффақ бўлди.
Ҳозирги натижаларга қараганда, “Рома”нинг бу самарали жуфтлик билан Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олиш орзуси янада яқин ва реал кўриниш олмоқда. Бу икки ҳужумчи эса жамоанинг ҳужум салоҳиятининг асосий кафолатига айланганига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Рома КлубиШомуродов ДовбикИталия ЧемпионатиЕвропа ЛигасиФутболчилар ҲамкорлигиТаҳлилчилар Фикри Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар