
Каноэ слаломи бўйича Россия терма жамоасининг етакчи спортчиларидан бири Павел Эйгел спорт фуқаролигини ўзгартириб, Ўзбекистон терма жамоасига қўшилди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Павел Эйгел бу қарорини қабул қилишининг асосий сабаби сифатида халқаро мусобақаларда муносиб натижа кўрсатиш имконияти сақланиб қолаётганини кўрсатди.
«Ўзбекистон терма жамоаси таркибига ўтиш қарорига келдим, чунки ўзимни ҳали ҳам юқори даражадаги халқаро турнирларда яхши натижалар кўрсатишга қодир спортчи деб ҳисоблайман», – деди 35 ёшли Эйгел.
Шу билан бирга, у ўзини ёши катта спортчи сифатида ҳис қилмаслигини таъкидлади.
«Россия терма жамоаси ҳозир таркибни сунъий равишда ёшартириш сиёсатига амал қилмоқда. Ўтган йили терма жамоанинг биринчи рақамли спортчиси сифатида танланган бўлсам-да, марказлаштирилган йиғинларда иштирок этишим учун фақат ўз маблағларимни ишлатишим кераклигини айтишди ва мени захира таркибига ўтказишди», – деб тушунтирди Эйгел.
Эшкак эшувчи ўзининг федерация ва мураббийлар билан мулоқот қилиб, вазиятни ҳал қилишга уринганини, аммо бу учрашувлардан натижа чиқмаганини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Павел Эйгел 2018 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритган эди. Энди у 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, Олимпиада медаллари учун курашишини маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, 2022 йил феврал ойида Россия Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаганидан кейин кўплаб спорт федерациялари россиялик спортчиларни халқаро мусобақалардан четлатган. Бу эса кўплаб россиялик спортчиларни бошқа мамлакатлар терма жамоаларига ўтишга мажбур қилди.
Эндиликда Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида халқаро ареналарда медаллар учун курашадиган яна бир тажрибали ва юқори савиядаги спортчи пайдо бўлди.
Павел ЭйгелЎзбекистон терма жамоасиКаное слаломиОлимпиада медаллариРоссия спортчисиСпорт фуқаролигини ўзгартириш Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар