date
views 2 016

Хосеп Гвардиола бир неча футболчиларининг ҳолати ҳақида батафсил гапирди

Хосеп Гвардиола бир неча футболчиларининг ҳолати ҳақида батафсил гапирди
"Манчестер Сити" клубининг бош мураббийи Хосеп Гвардиола жонли матбуот анжуманида жамоанинг ҳозирги ҳолати, чемпионлик пойгаси ва футболчилар билан боғлиқ муҳим масалалар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Нико О'Райлининг "Вулверхэмптон"га қарши баҳсда алмаштирилиши ҳақида:
"У кўп ўйинларда майдонга тушди. Баъзи футболчилар ажойиб ўйин кўрсатганига қарамай, кейинги баҳсларда иштирок этмаслиги мумкин. Айримлар эса унчалик яхши ўйнамай туриб, доимий равишда майдонга тушади. Бу жазо эмас, биз ҳар бир баҳсни таҳлил қилиб, керакли хулосалар чиқарамиз. Айниқса, ёш футболчиларимиз мунтазам равишда асосий таркибда таъсир кўрсатаётгани яхши ҳолат."

О'Райлининг жамоадаги ўрни:
"Албатта, унинг иштироки ва ҳиссасисиз бу натижаларни тасаввур қилиш қийин. Нико биз учун муҳим футболчи."

О'Райлининг ярим ҳимоядаги позицияси ҳақида:
"Шубҳасиз, у ушбу позицияда ҳам ажойиб ўйнай олади. Эртага қайси позицияда бўлади? Буни майдонда кўрасиз..."

Кевин Де Брюйне бошқа АПЛ клубига ўтиш эҳтимоли:
"Билмайман. Кевин ва унинг оиласига фақат яхшилик тилайман."

АПЛдаги Чемпионлар лигаси учун кураш ва мақсадлар ҳақида:
"6-7 та жамоа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Агар қолган учта ўйинни ютсак, мақсадимизга эришамиз. Ҳаммаси ўз қўлимизда."

АПЛда иккинчи ўрин ва Кубок ғалабаси мавсумни муваффақиятли қила оладими?:
"Бу ҳақида ўйламаяпман. Ҳозирги фикрим фақат "Саутгемптон"га қаратилган. Ҳар куни улар ҳақида соатлаб ўйлаяпман."

Хаби Алонсонинг "Байер"даги муваффақиятлари ҳақида:
"Ҳақиқатан ҳам ажойиб натижа. Уни футболчилик давридан танийдиган ҳар бир одам, Хаби келажакда яхши мураббий бўлишини билар эди. Германияда "Бавария" билан рақобат қилиш ўзи катта ютуқ. У ўтган мавсумда фақат Европа Лигаси финалида мағлуб бўлди, қолган ўйинларда эса мағлубиятсиз ўйнади. Унинг жамоаси ўйнайдиган футбол, футболчилар ривожланиши – Леверкузен учун ғурурланарли ҳолат."

Эрлинг Холанднинг "жамоада очлик етишмаётгани" ҳақидаги сўзлари:
"Агар Эрлинг шундай ҳис қилса, бу масала футболчилар орасида муҳокама қилиниши керак. Биз ҳозирги натижалардан мамнунмиз, аммо доимий барқарорлик муҳим."

Родрининг ҳозирги ҳолати ҳақида:
"У ҳали ҳам жамоа билан майдонга тушишга тайёр эмас."

Аке ва Боббнинг жароҳатидан кейинги ҳолати:
"Натан Аке ва Оскар Бобб қисман машғулотларда иштирок этишмоқда, аммо улар ҳали тўлиқ майдонга қайтишга тайёр эмаслар."

Ковачичнинг бу мавсумдаги ўйини ҳақида:
"У ажойиб ўйнамоқда. Айниқса, Бернардо, Гюндоган ёки Нико билан ёнма-ён майдонда бўлганида жуда юқори даражада ҳаракат қилмоқда."

Жамоанинг охирги формаси ҳақида:
"Биз мавсумнинг иккинчи қисмида энг яхши натижаларимиз қаторини намойиш қилдик. Бу жамоанинг меҳнатининг самараси."

"Саутгемптон" билан бўладиган учрашув ҳақида:
"Ҳисоб 0:0. Биз учун бу жуда муҳим ўйин. Чемпионатда фақат учта баҳс қолди. Рақибга нисбатан катта ҳурматдамиз", — деди испаниялик мутахассис.

Маълумот учун, Гвардиола бошчилигидаги "Манчестер Сити" 10 май куни соат 19:00 да "Саутгемптон"га қарши майдонга тушади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хосеп Гвардиола бир неча футболчиларининг ҳолати ҳақида батафсил гапирди