
Хитойнинг Нанчанг шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича навбатдаги Осиё чемпионати старт олди. Қитъанинг 20 мамлакатидан келган 200 нафардан ортиқ спортчи ушбу нуфузли мусобақада ўз маҳоратларини намойиш қилмоқда.
Чемпионатда Ўзбекистон шарафини 16 нафар спортчидан иборат миллий терма жамоамиз ҳимоя қилмоқда. Улар турли йўналишларда ва масофаларда ўз кучларини синовдан ўтказишяпти.
Мусобақанинг дастлабки кунидаёқ ўзбекистонлик эшкак эшувчилар юқори натижаларни қайд этиб, бир нечта медалларни қўлга киритишга эришди.
Жумладан, C-2 йўналишида 1000 метр масофага ўтказилган мусобақада ўзбекистонлик Муҳаммадали Мирисманов ҳамда Диёрбек Маматқуловдан иборат экипаж ажойиб натижа кўрсатиб, кумуш медал соҳибига айланди.
Шунингдек, 500 метрлик баҳсларда Канолиддин Раҳматуллаев ва Азимжон Сотиболдиев жуфтлиги ўз жадал ҳаракатлари билан учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалини жамоа ҳисобимизга тақдим этди.
К-1 йўналишида ҳам юртдошимиз Александр Зарубин 1000 метрлик масофадаги пойгада кучли рақобатга қарамай, учинчи ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг медаллар ҳисобини яна бир бронза билан бойитди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, чемпионат давомида спортчилар К-1, К-2, К-4, C-1, C-2 ва аралаш йўналишларда, 200, 500 ҳамда 1000 метрлик масофаларда қитъа чемпионлиги учун кескин ва қизиқарли баҳслар олиб боришади.
Терма жамоамиз спортчилари мусобақанинг қолган кунларида ҳам яхши натижалар қайд этиб, юртимизнинг халқаро спорт майдонидаги обрўсини янада кўтариши кутилмоқда.
Осиё ЧемпионатиЭшкак ЭшувчиларЎзбекистон СпортНанчанг ШаҳриБайдарка Ва КаноэМусобақа Натижалари Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар