date
views 115

"Эл Класико"га тайёргарлик: 500 нафар мутахассис ва 40 та камера трансляция учун жалб этилди

"Эл Класико"га тайёргарлик: 500 нафар мутахассис ва 40 та камера трансляция учун жалб этилди
Дунё футболидаги энг машҳур ва қизғин қарама-қаршиликлардан бири бўлган Испаниянинг "Эл Класико"си яна бир бор миллионлаб мухлисларнинг диққат-марказида бўлади. 11 май куни бўлиб ўтадиган "Барселона" ва "Реал Мадрид" жамоалари ўртасидаги учрашув Ла Лига томонидан жуда юқори даражада трансляция қилиниши режалаштирилмоқда.

Ташкилотчилар томонидан билдирилишича, "Камп Ноу" стадионида ўтадиган ушбу тўқнашувнинг ҳар бир дақиқасини футбол мухлислари учун янада аниқ, равшан ва тўлиқ акс эттириш мақсадида, улкан техник тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун 500 нафардан зиёд юқори малакали мутахассислар, операторлар, режиссёрлар ва муҳандислар жалб этилган.

Техник жиҳозлаш борасида ҳам жиддий иш олиб борилган бўлиб, турли хилдаги 40 та замонавий камералар ўрнатилади. Улар ичида муҳим вазиятларни батафсил акс эттирувчи махсус секин суратга олувчи камералар, ҳаводан тасвирга олувчи дронлар ва кинематографик профессионал камералар бор.

Шунингдек, махсус технологиялар ёрдамида мухлислар майдондаги ўйинчиларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳис-туйғулари ва ҳатто мураббийларнинг реакцияларини ҳам юқори сифатда кўриш имкониятига эга бўлишади.

Ҳар икки клуб ҳам ушбу баҳс олдидан жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Ханс-Дитер Флик бошчилигидаги каталонияликлар "Интер"дан учралган мағлубиятдан кейин қайта тикланишни режалаштираётган бўлса, Карло Анчелоттининг "Реал"и ҳам мавсумни юқори нотада якунлашни кўзламоқда.

Бундан ташқари, ушбу "Эл Класико" жорий мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Учрашувнинг натижаси жамоаларнинг мусобақа жадвалидаги якуний ўрнига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, супер баҳс 11 май куни Тошкент вақти билан соат 19:15 да старт олади. Ушбу учрашув футбол оламининг барча ишқибозлари учун ҳақиқий байрам бўлиши шубҳасиз. Томоша қилишга тайёрмисиз?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Эл Класико"га тайёргарлик: 500 нафар мутахассис ва 40 та камера трансляция учун жалб этилди