
Англиянинг "Манчестер Сити" клуби Германиянинг машҳур спорт кийимлари ишлаб чиқарувчиси Puma билан биргаликда 2025/26 йилги мавсум учун янги уй либосларини расман тақдим этди.
Янги либоснинг дизайнида клубнинг анъанавий оч мовий ранги асос қилиб олинган бўлиб, бу сафарги форманинг энг ёрқин жиҳати – унинг кўкрак қисмида жойлашган оқ рангдаги диагонал чизиқ бўлди. Бу элемент клубнинг аввалги мавсумлардаги сафар либосларида кўп учрар эди, аммо бу йилдан бошлаб уй либоси дизайнига ҳам киритилди.

Форманинг ёқаси ва енгларидаги оқ рангдаги енгил безаклар ҳам дизайннинг умумий кўринишига ўзига хослик бахш этмоқда. Орқа қисмнинг юқори қисмида "CITY" деган ёзув мавжуд бўлиб, бу клубнинг номини янада аниқ кўрсатади.

Бу йилги либос махсус технологиялар билан ишлаб чиқилган. "ULTRAWEAVE" номли мато ўйинчиларнинг майдонда қулай ҳаракатланишини таъминлаш билан бирга, уларга енгиллик ва ҳаво ўтказувчанликни тақдим этади. Шу билан бирга, кийимнинг пастки қисмининг ён томонида Pumaнинг "Authentic Licensed Football" ёзуви ва логотипи жойлаштирилган, бу эса маҳсулотнинг оригиналлигини тасдиқловчи белгидир.

Маълум бўлишича, "шаҳарликлар" янги формаларини АҚШда бўлиб ўтадиган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк бор кийиб майдонга тушади. Бу халқаро мусобақа футболчилар ва мухлислар учун янги либоснинг биринчи синови бўлади.

"Манчестер Сити" ҳозирги кунда Англия Премьер-лигаси турнир жадвалида 4-ўринда бормоқда. Жамоа учун мавсум у қадар муваффақиятли бўлмади, чунки "Ливерпуль" муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди. Европа Чемпионлар лигасида ҳам "шаҳарликлар" 2012/13 мавсумидан бери биринчи марта 1/8 финалга чиқа олмади. Шу сабабли, янги мавсумдаги либос жамоа ва мухлислар учун янги бошланишларнинг рамзи бўлиши кутилмоқда.

"Манчестер Сити" мухлислари янги мавсум либосини ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш билан кутиб олишди ва клубнинг бу янги дизайни улар томонидан ижобий баҳоланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар