date
views 286

Кевин Де Брюйне «Реал»га ўтишга тайёр: Мадридликлар таклифга қандай жавоб берди?

Кевин Де Брюйне «Реал»га ўтишга тайёр: Мадридликлар таклифга қандай жавоб берди?
«Манчестер Сити» клубининг машҳур ярим ҳимоячиси Кевин Де Брюйне ўзининг фаолиятини Испаниянинг «Реал Мадрид» клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда футбол оламидаги ишончли манбалар хабар тарқатишди.

Маълум қилинишича, 33 ёшли белгиялик футболчининг агентлари «Реал» клубига унинг номзодини тавсия қилган. Бундай таклифнинг келиб чиқиши Тони Крооснинг жорий мавсум якунланиши билан профессионал фаолиятини тугатишига боғлиқ. Бу ҳолат эса «қироллик клуби»ни марказий чизиқдаги бўшлиқни тўлдириш учун янги футболчи қидиришга мажбур қилмоқда.

Манбаларнинг хабар беришича, Де Брюйне «Реал»да тўп суриш истагини очиқ билдирган ва бу мақсад йўлида катта қурбонликка ҳам тайёр. Хусусан, белгиялик футболчи «Манчестер Сити»даги ҳозирги тахминан 16 миллион евролик маошини деярли икки баравар камайтириб, «Реал»дан 7-8 миллион евро олишга ҳам рози эканлигини билдирган.

Бироқ Мадрид клуби раҳбарияти бу таклифни ҳурмат билан қабул қилганига қарамай, футболчининг ёши ва унинг спорт формаси бўйича шубҳалари борлигини қайд этган. «Реал» мутахассислари фикрича, 33 ёшли ярим ҳимоячининг юқори даражадаги энг яхши футбол йиллари орқада қолган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Кевин Де Брюйне жорий мавсум охирида «Манчестер Сити» билан хайрлашади. У бу мавсумда барча мусобақалар доирасида жами 37 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ва 8 та голли узатмани ёздириб қўйган. Transfermarkt портали маълумотига кўра, ҳозирда унинг трансфер бозоридаги нархи 27 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Шунингдек, футболчига бошқа бир қанча Европа клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда ва унинг келажаги яқин орада аниқ бўлиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кевин Де Брюйне «Реал»га ўтишга тайёр: Мадридликлар таклифга қандай жавоб берди?