date
views 190

Трамп Туркиядаги Россия-Украина музокараларига вакилини юбормоқда

Трамп Туркиядаги Россия-Украина музокараларига вакилини юбормоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Саудия Арабистонига бўлган ташрифи давомида муҳим баёнот бериб, Туркияда бўлиб ўтиши кутилаётган Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда давлат котиби Марко Рубио қатнашишини маълум қилди.

«Ушбу ҳафта охирида, эҳтимол, пайшанба куни Туркияда муҳим музокаралар бўлиб ўтади. Менимча, у ерда яхши натижаларга эришиш мумкин. Марко Рубио АҚШ номидан ушбу музокараларда қатнашади», — деди Трамп Ар-Риёдда ўтказилган тадбирда. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар тарқатди.

Бундан аввалроқ бир қатор оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таянган ҳолда, Доналд Трампнинг икки вакили – Кит Келлог ва Стив Уиткоффнинг ҳам ушбу музокараларда иштирок этишини хабар қилган эди. Шунингдек, Трампнинг ўзи ҳам Туркияга шахсан ташриф буюриш имкониятини бутунлай истисно этмаган.

Россия президенти Владимир Путин аввалроқ, 15 май куни Истанбул шаҳрида Украина билан музокара ўтказишни таклиф қилган эди. Бироқ, ушбу музокараларнинг ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтиши ва қайси форматда ўтказилиши ҳозирча аниқ эмас.

Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский шахсан Владимир Путин билан учрашув ўтказишга тайёрлигини маълум қилган. Аммо Зеленский Россиянинг бошқа мансабдор шахслари билан мулоқот олиб бориш нияти йўқлигини таъкидлади.

Россия томони Истанбулга ўз делегациясини юборажагини тасдиқлаган бўлса-да, Путиннинг шахсий иштирок этиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот бермади.

Таҳлилчилар фикрича, АҚШнинг ушбу музокараларда иштирок этиши Украина ва Россия ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Марко Рубио каби юқори даражадаги сиёсатчининг иштирок этиши музокара жараёнига янги туртки бериши ва томонлар ўртасидаги мулоқотнинг самарали ўтишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Ҳозирда халқаро жамоатчилик ушбу учрашувнинг аниқ санаси ва иштирокчилар таркиби бўйича расмий тасдиқларни кутиб турибди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Трамп Туркиядаги Россия-Украина музокараларига вакилини юбормоқда