
Мадриднинг “Реал” клуби таркибида сўнгги ўн йилда афсонага айланган, жаҳон футболида ўз номини мустаҳкам ўрнатган Лука Модрич жамоа билан хайрлашмоқда. 39 ёшли хорват плеймейкери бу ҳақда расман баёнот берди ва мухлислар билан самимий видолашди.
“Қадрли ‘Реал’ оиласи, унутилмас лаҳза етиб келди. Шанба куни ‘Сантьяго Бернабеу’даги сўнгги учрашувимни ўтказаман. Мана шу стадиондаги охирги қадамларимни босаман. Албатта, буни доим кечроқ бўлишига умид қилгандим, лекин футболда ҳар нарсанинг боши ва охири бор. Бу ҳаётнинг бир қисми”, — деди у юракдан чиққан сўзлар билан.
Модрич 2012 йилда “Тоттенхэм”дан “Реал”га ўтган эди. Унинг айтишича, ўшанда жамоа билан муваффақиятли фаолият олиб бориш ниятида бўлган, аммо бу даражадаги ютуқларга эришишини ўзи ҳам тасаввур қилмаган.
“Мен футболчи сифатида мадридда янги ҳаёт бошладим. Бу ерда футболни бошқача англадим. Ҳар бир мусобақада ғалаба қозониш, ҳар бир финалда севинч кўриш — шундай юксак даражадаги ҳиссиётки, сўз билан ифодалаш қийин. Энг муҳими, мен бу ерда фақат совринлар эмас, балки чин юракдан муҳаббатни топдим. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши, ҳар бир овация ва трибуналардаги муҳаббат мени бутунлай мафтун этди”, — деб қайд этди Лука.
У ўз миннатдорчилигини клуб президенти Флорентино Перес, мураббийлар штаби, жамоадошлари ва жамоада фаолият олиб борган барчага изҳор этди. Шунингдек, “Реал”даги йўли давомидаги “ремонта”лар, финаллар ва “Бернабеу”даги сеҳрли кечалар ҳақида гапирар экан, у бу лаҳзаларни абадий ёдда сақлашини таъкидлади.
“Ҳар бир чемпионлик, ҳар бир кўтарилган соврин мен учун алоҳида қадрли. Лекин энг катта бойлигим – бу ‘Реал’нинг бир бўлагиман деб ҳис қилишим”, — деди у.
Модрич мадридликлар сафида 590 та учрашувда иштирок этди, 43 та гол урди, 95 та ассист амалга оширди. У билан бирга “қаймоқранглилар” 6 марта Чемпионлар Лигасини, 4 марта Ла Лигани, 2 марта Испания Кубогини ва 5 марта Суперкубокни ютиб олди. Бундан ташқари, у УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам “Реал” таркибида зафар қучди.
Модрич сўзини шундай якунлади: “Мен клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг расман кетаман. Лекин ‘Реал’ абадий юрагимда қолади. Мен энди ҳар доимгидек жамоамнинг мухлиси бўламан. Миннатдорлик билан кетаман, орқамда тарих қолдирдим”.
Zamin.uz таҳририяти афсонавий футболчининг “Реал”даги фаолиятини улкан эҳтиром билан эътироф этади ва унга келгуси йўлида омад тилаб қолади. Сиз Модричнинг қандай лаҳзаларини эслайсиз? Унинг ўрнини ким босиши мумкин? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар