
Бутун дунёда тан олинган оғир вазн тоифасидаги бокс юлдузи Тайсон Фьюри яқин кунларда тарқалган миш-мишларга расмий равишда ойдинлик киритди. "Лўлилар қироли" деб танилган британиялик спортчи ўз баёноти орқали боксга қайтиши ҳақидаги барча тахмин ва фарзияларга чек қўйди.
"Ҳаммага айтмоқчиман — мен қайтмайман!"
«Сўнгги пайтларда менинг яна рингга қайтаётганим ҳақида жуда кўп гап-сўзлар тарқалди. Лекин мен бу гапларга ойдинлик киритишни истайман: мен нафақадаман ва шундай қоламан. Мен бугун ўзимни ҳеч кимга, ҳеч нарсага исботлашим шарт эмас. Мени ким эканлигимни ва рингда нимага қодир бўлганимни бутун дунё билади», — деди Фьюри BBC’га берган интервьюсида.
Январдаги эълон ва апрелдаги миш-мишлар
Эслатиб ўтамиз, Тайсон Фьюри 2024 йилнинг январь ойида ўзининг профессионал боксдаги фаолиятини якунлаётганини расман эълон қилганди. Аммо апрель ойига келиб, унинг боксга қайтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Айниқса, Энтони Жошуа билан эҳтимолий жанг борасида музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотлар спорт ОАВларида кенг муҳокама қилинди.
Фьюрининг бу баёноти, шубҳасиз, бу каби хабарларга раддия сифатида баҳоланиши мумкин. Унинг сўзларига қараганда, энди у на фақат рингга қайтишни, балки яна янгидан рақобатга киришишни ҳам режалаштирмаяпти.
Чемпионлик йўлидаги ёрқин саҳифалар
Тайсон Фьюрининг боксдаги карьераси ярқин ва фахрли лаҳзаларга тўла. У ўз фаолияти давомида Владимир Кличко, Деонтей Уайлдер, Дерек Чисора каби кучли рақибларни мағлуб этиб, WBC, WBA, IBF, IBO камарларига эгалик қилган. Унинг техник маҳорати, руҳий барқарорлиги ва ўзига хос услуби уни замонамизнинг энг катта боксчиларидан бирига айлантирди.
Хулоса қилиб айтганда, Тайсон Фьюри боксга қайтаётгани ҳақидаги барча гапларга расман нуқта қўйди. Унинг нафақага чиқиши энди бокс тарихида янги давр бошланганидан далолатдир. Аммо мухлислар барибир бир умид билан яшаётгани аниқ — ахир Фьюри каби жангчилар рингни шунчаки тарк этмайди. Вақт кўрсатади... «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар