
Каталониянинг шарафли клуби “Барселона”да ёш юлдузлар ўртасидаги ички зиддият клуб бошқаруви учун жиддий бош оғриғига айланмоқда. Испания матбуоти тарқатган маълумотларга кўра, 17 ёшли вундеркинд Ламин Ямал билан жамоанинг бошқа бир ёш етакчиси — 20 ёшли Гави ўртасида муносабатлар совуқлашган ва тортишув тобора кескинлашиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, Ямалнинг асосий норозилиги — бош мураббий Ханс-Дитер Фликнинг Гавига бўлган алоҳида эътибори билан боғлиқ. Ямал ўзини етарли даражада қадрланмаётганини ҳис қилмоқда ва Гавининг жамоадаги таъсир доираси уни ранжитаётгани айтилмоқда.
Айни пайтда, Гави жамоа ичида катта нуфузга эга. Унинг характерини ва ҳаракатчан ўйинини жамоадошлари ҳам, мураббийлар ҳам қадрлайди. Ҳатто ёш бўлишига қарамай, у кўп жиҳатдан жамоада сўзга эга футболчилардан бирига айланган.
Шу билан бирга, “Барселона” раҳбарияти ҳозирги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва агар танлов қилишга тўғри келса, клуб катта эҳтимол билан Ламин Ямални сақлаб қолишни маъқул кўради. Бу эса Гавининг трансфери эҳтимоли ҳақидаги миш-мишларни янада кучайтиради.
Тез орада клуб Ямал билан узоқ муддатли шартнома имзолаш арафасида. Бу эса унинг келажакда “Барса”нинг юзига айланишига ишора сифатида баҳоланмоқда. Мураккаб вазият шундан иборатки, клуб ички муҳитни бузмасдан, энг самарали йўлни танлаши лозим бўлади.
Бу фонда, Гавига Европа гранд клубларидан қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, “Пари Сен-Жермен” устида жиддий иш олиб бормоқда ва уни қўлга киритиш учун катта трансфер маблағи таклиф қилишга тайёр экани айтилмоқда. Бу Гавининг келажаги Парижда давом этиши мумкинлигини англатади.
Футбол оламида ёш истеъдодлар ўртасида рақобат табиий жараён ҳисобланади. Аммо бу рақобат клуб учун оқибатсиз тугаши учун “Барселона” раҳбарияти вазиятни пухта ва оқилона бошқариши талаб этилади. Чунки Ямал ҳам, Гави ҳам — нафақат клуб, балки Испания футболи учун катта истиқболга эга бўлган истеъдодлардир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг