date
views 233

Элдор Шомуродов “Рома”ни тарк этмади — жамоанинг асосий фигурасига айланди

Элдор Шомуродов “Рома”ни тарк этмади — жамоанинг асосий фигурасига айланди
Италиядаги мавсумни яна бир бор эътибор марказида якунлаган футболчилардан бири — Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов бўлди. 29 ёшли ҳужумчимиз “Рома” сафидаги мавсумни одатдагидек захира ўйинчиси сифатида бошлади. Аммо вазият ўзгаришига кўп вақт керак бўлмади.

Қишки трансферлар ойнаси пайтида клуб раҳбарияти Шомуродовдан воз кечиш ниятида эди. Хусусан, “Венеция” жамоаси ўзбек форвардини ўз сафига қўшиш учун жиддий ҳаракатлар бошлаганди. Лекин вазиятга “Рома”нинг тажрибали устози Клаудио Раньери аралашди. 73 ёшли мураббий футболчининг кетишига қарши чиқди ва бу қарор кейинчалик жамоа учун нақадар муҳим экани аён бўлди.

Элдор мавсумнинг ҳал қилувчи палласида жамоа учун ҳал қилувчи фигурага айланди. Унинг урган голлари ва амалга оширган голли узатмалари жамоага қимматли очколар келтирди. Бу очколар “Рома”ни Европа Чемпионлар лигаси учун курашда сўнгги нафасгача сақлаб турди.

Гарчи “римликлар” кучли тўртликка кира олмаган бўлса-да, келаси мавсумда Европа лигасида иштирок этадиган бўлди. Бу натижада Шомуродовнинг ўрни катта эканини барча мухлислар ва футбол таҳлилчилари якдил тан олмоқда.

Энг қизиғи, Элдор Шомуродов жорий мавсумда 37 та расмий учрашувда иштирок этиб, Италиядаги шахсий рекордини янгилади. У аввал ҳеч бир мавсумда бунча кўп учрашув ўтказмаган эди. Ушбу беллашувларда 7 та гол ва 5 та ассист қайд этишга муваффақ бўлди.

Энг асосийси, “Рома” мухлислари Элдорни энди фақат майдондаги ҳаракатлари учун эмас, балки жамоа фойдаси учун садоқат ва юрак билан ўйнайдиган футболчи сифатида қадрлашни бошлади. У шахсий манфаатдан устунроқ — жамоанинг манфаатини кўзлайдиган футболчи сифатида янада катта ҳурмат қозонди.

Шубҳасиз, Шомуродовнинг бу мавсумдаги парвози уни Италия футболида янада мустаҳкам позицияга олиб келди. Энди эса барча унинг келгуси мавсумдаги қадамларини қизиқиш билан кузатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов “Рома”ни тарк этмади — жамоанинг асосий фигурасига айланди