
Хабарингиз бор, шу кунларда Таиланднинг Бангкок шаҳрида дунё бокс мухлисларининг диққат марказида турган халқаро турнир бўлиб ўтмоқда. 24 май куни бошланган мусобақа 1 июнгача давом этади ва унда дунёнинг энг маҳоратли чарм қўлқоп усталари иштирок этмоқда.
Бугун ҳам мусобақанинг чорак финал босқичида юртдошларимиз бир нечта муҳим ва шиддатли жангларда майдонга тушишди. Жумладан, -80 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Самандар Жалолов Жанубий Кореядан келган рақиби Ким Минсеонгга қарши муҳим баҳс олиб борди.
Мазкур жанг бошланишидан олдин ҳам Самандарнинг ғалаба қозониши учун умидлар юқори эди. Аммо рақиб ҳам осон таслим бўладиган спортчилардан эмаслиги, жангнинг қизғин ва шиддатли кечишидан далолат берар эди.
Бироқ жангнинг илк дақиқалариданоқ Самандар Жалолов майдондаги устунликни ўз қўлига олиб, рақибини мураккаб вазиятларга солиб қўйди. Боксчимиз аниқ, кучли ва самарали зарбалар бериб, жанубий кореялик рақибини доимий босим остида ушлади. Минсеонг эса Жалоловнинг ҳужумлари олдида ўзини ҳимоя қилишдан бошқа чора топа олмади.
Беллашув тўлиқ уч раунд давомида олиб борилди ва унинг барча қисмларида ҳамюртимиз ўз устунлигини намойиш қилди. Жалоловнинг ҳар бир раундда кўрсатган юқори савиядаги ҳаракатлари, ҳакамларнинг кўз ўнгида унинг ғалабасини аниқ белгилаб берди. Натижада, жанг якунида ҳакамлар бир овоздан Самандар Жалоловни ғолиб деб эълон қилишди. Вакилмиз жангда 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга ишонч билан йўл олди.
Шу тариқа, Самандар Жалолов бугунги муваффақияти билан фақатгина шахсий ғалабани эмас, балки бутун Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам муҳим натижани тақдим этди. Унинг ёрқин ғалабаси турнирдаги жамоамизнинг руҳиятини янада кўтариб юборди.
Эътиборлиси шундаки, бугунги кун жамоамиз учун умуман олганда ҳам ажойиб ўтди. Чунки рингга чиққан 6 нафар вакилимиздан 5 нафари чорак финалда ғалаба қозониб, ярим финалга йўлланмаларни қўлга киритди. Бу эса ўзбек бокси учун муҳим натижалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги бу муваффақияти, албатта, мухлислар учун катта қувонч ва фахр туйғусини уйғотади. Мусобақа давом этади ва энди барча ярим финалга чиққан спортчиларимиздан фақат ва фақат ғалаба кутишмоқда.
Юртдошларимиз халқаро турнирдаги ажойиб иштирокини янада юқори натижалар билан якунлаш учун бор кучларини ишга солишга тайёр. Барча спортчиларимизга бўлажак жангларда ҳам омад ва ғалаба тилаб қоламиз!
Олға, Ўзбекистон! Чемпионлик сари яна бир қадам олдинда! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар