date
views 528

Рубин Хебайнинг собиқ жамоасига қарши ўйиндан кейинги таассуротлари

Рубин Хебайнинг собиқ жамоасига қарши ўйиндан кейинги таассуротлари
Суперкубок финалида “Андижон”га қарши муҳим баҳсда қатнашган “Насаф” ҳужумчиси Рубин Хебай ўйиндан кейинги таассуротлари билан ўртоқлашди. Албаниялик футболчи ўйиннинг оғир шароитда ўтганини таъкидлар экан, жамоасининг жонбозлиги ғалабага асос бўлганини қайд этди.

– Менимча, бугунги баҳс жуда оғир ва кучли руҳий босим остида ўтди. Ёмғирли об-ҳаво ва майдоннинг оғир ҳолати ўйин кўрсатишга тўсқинлик қилди. Аммо биз ҳаракатдан тўхтамадик ва ўйинни назорат қилишга уриниб, охирги натижани ўзимиз томонга бурдик. Жамоалар ўртасидаги бор-йўғи кичик фарқ ғалабани ҳал қилди, – деди Хебай.

Собиқ жамоаси “Андижон”га қарши ўйнаш унда ҳеч қандай психологик юклама яратмаганини айтган ҳужумчи мухлислар ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирди:

– “Андижон”да ўйнаган бир йил давомида мухлислар мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Мен уларни доим ҳурмат қилганман ва ҳозир ҳам ҳурмат қиламан. Лекин биз профессионал футболчилармиз — қайси жамоа сафида бўлмайлик, майдонда ҳар доим юракдан ҳаракат қиламиз.

Шунингдек, Рубин Хебай “Насаф” сафидаги голлар сони кам эканига муносабат билдирди ва бунинг сабабини жароҳат билан боғлади:

– Аввалига жароҳат сабабли бир ярим ой жамоадан ташқарида қолдим. Бу менга таъсир қилмай қолмади. Энди эса ҳолатимни тиклаб олдим ва гол уришни бошладим. Умид қиламанки, бундан кейин янада кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, мунтазам равишда жамоамга голлар орқали ёрдам беришда давом этаман.

Ҳозирча Хебай “Насаф”да тўлиқ ўзига хос ўйин тонусини топмаган бўлса-да, ундаги иштиёқ ва ўзига бўлган ишонч мухлислар учун кутилмагандаги парвоз бошланишига ишора бўлиши мумкин. Келгусидаги ўйинларда у янада кўп имкониятларга эга бўлса, “аждарлар” таркибидаги ўрни мустаҳкамланиши муқаррар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рубин Хебайнинг собиқ жамоасига қарши ўйиндан кейинги таассуротлари