
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 5 июнь куни яна бир муҳим ва ҳал қилувчи ўйинни ўтказади. Рақиб – Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) термаси. Айни шу ўйин олдидан мухлисларнинг диққати бир номга қаратилаётгани тасодиф эмас: бу – Фабиу Лима.
Фабиу Лима айни пайтда БАА чемпионатининг «Ал-Васл» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. 31 ёшли футболчи ўзининг юқори даражадаги техник маҳорати, тезкорлиги ҳамда универсаллиги билан ажралиб туради. Бразилияда дунёга келган Лима кейинчалик БАА фуқаролигини олган ва мамлакат термасининг асосий ўйинчиларидан бирига айланган.
Асосан ҳужумкор ярим ҳимоячи вазифасини бажарувчи футболчи чап ва ўнг қанотларда ҳам бемалол ҳаракат қила олади. Бу уни рақиб ҳимоячилари учун ўта хавфли ва олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ўйинчига айлантирган. Европанинг нуфузли «Трансфермаркт» порталида унинг трансфер баҳоси 7 миллион еврони ташкил қилади, бу эса БАА футболчилари орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Жорий мавсумда Фабиу Лима «Ал-Васл» сафида 37 та беллашув ўтказиб, 15 марта рақиб дарвозасини ишғол қилди ва яна 5 та голли узатма билан ажралиб турди. Шу билан бирга, у 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида ҳам жуда юқори самарадорлик кўрсатиб келмоқда: бу мусобақаларда 8 та гол уриб, 2 марта жамоадошларига ассист амалга оширди.
Эътиборлиси, Лима биринчи даврадаги Ўзбекистонга қарши баҳсда майдонга туша олмаган эди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди ва ушбу омил миллий жамоамиз учун маълум даражада омадли вазият бўлганди. Аммо эндиликда унинг 5 июндаги учрашувда иштирок этиши деярли аниқ, бу эса Ўзбекистон термасининг ҳимоячилари учун жуда жиддий бошоғриқ пайдо бўлиши мумкинлигини билдиради.
Эслатиб ўтиш жоизки, Фабиу Лима жорий саралаш босқичида Қатарга қарши ўйинда ўзининг юқори даражадаги салоҳиятини намоён қилиб, рақиб дарвозасига тўртта гол (покер) уришга муваффақ бўлганди. Бу эса унинг кучли рақибларга қарши муҳим ўйинларда ҳам ишончли ва совуққон ҳаракат қилишини тасдиқлайди.
Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси бу хавфли футболчининг ўйин услубини диққат билан таҳлил қилиб, майдонда унинг таъсирини минималлаштириш режасини тузмоқда. Мухлислар эса миллий жамоамиз ҳимояси ушбу жиддий синовга қандай тайёргарлик кўраётганига қизиқиб, учрашувни катта ҳайажон билан кутмоқдалар. 5 июнь куни БААга қарши ўйин, шубҳасиз, Ўзбекистон учун осон кечмайдиган жанг бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар