
Бангкок шаҳрида ўтказилаётган “Thailand Open” халқаро бокс турнири финал босқичига етиб келди ва бугун ҳал қилувчи баҳслар давом этмоқда. Юртдошимиз, Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг укаси Фарёзбек Дўсматов ҳам ушбу нуфузли мусобақада иштирок этди ва ўз вазн тоифасида чемпионликка эришди.
-55 кг вазн тоифасидаги финал тўқнашуви Фарёзбек Дўсматов ва мезбон мамлакат вакили Саравут Суктҳет ўртасида кечди. Жанг жуда кескин ва муросасиз руҳда бошланди. Биринчи раунддаёқ ҳар икки боксчи фаол ва ҳужумкор ҳаракатлари билан ажралиб туришди.
Бироқ иккинчи раунд давомида таниқли таиландлик боксчи Саравут Суктҳетнинг қоши очилиб кетди ва шифокор назоратидан сўнг, унга жангни давом эттиришга рухсат берилмади. Ҳақиқий жангбозлик намоён этган Дўсматов шифокор қарори билан ғолиб деб эълон қилинди ва олтин медалга эга чиқди.
Ушбу ютуқ Фарёзбек Дўсматов учун халқаро рингдаги энг йирик ғалабалардан бири бўлиб, унинг келажакда катта мусобақаларда ҳам юксак натижалар қайд этишига ишонч уйғотмоқда.
Шунингдек, юртдошларимизни олдинда яна бир муҳим жанг кутмоқда — -70 кг вазн тоифасидаги финалда Муҳаммадазизбек Исмоилов Қозоғистон вакили Торехан Сабирханга қарши рингга чиқиши режалаштирилган. Бу жангда ҳам Ўзбекистон байроғи яна баланд кўтарилиши кутилмоқда.
Zamin.uz таҳририяти чемпион бўлган Фарёзбек Дўсматовни табриклайди ва финалда қатнашадиган боксчиларимизга омад тилайди. Улар сингари ёшлар — мамлакатимиз спорт салоҳиятининг юксалишига хизмат қилаётган фахримиздир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар