
Футбол мухлислари учун яна бир ажойиб байрам яқинлашмоқда. Бу йил илк марта янги форматда ташкил қилинаётган ФИФА клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашадиган барча жамоаларнинг номи маълум бўлди. Бугунга қадар охирги йўлланма учун кескин курашлар кетган эди ва бу йўлланма АҚШнинг “Лос-Анжелес” жамоасига насиб этди. “Лос-Анжелес” Мексиканинг кучли клубларидан бири ҳисобланган “Америка”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, муҳим мусобақага чиптани қўлга киритди.
Ушбу нуфузли турнир 15 июнь куни АҚШда старт олади ва бутун дунёдан йиғилган энг кучли 32 клуб жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Янги форматга кўра, жамоалар 8 та гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа плей-офф босқичига йўл олади.
Аввалги форматга нисбатан бу йил иштирокчилар сони кескин оширилган. Ушбу янгилик мухлисларга янада қизиқарли ва кескин ўйинларни тақдим этишни мақсад қилган. Энди эса чемпионатнинг барча иштирокчилари билан яқиндан танишамиз.
УЕФА вакили сифатида Европанинг энг кучли клублари бу турнирда қатнашади. Улар орасида Англия грандлари “Челси” ва “Манчестер Сити”, Испаниянинг кучли учлиги – “Реал Мадрид”, “Атлетико Мадрид”, “Барселона”, шунингдек, Германиянинг “Бавария”си ва Франциянинг Чемпионлар лигаси ғолиби “Пари Сен-Жермен” бор. Италия шарафини эса “Интер” ва “Ювентус”, Португалия шарафини “Порту” ва “Бенфика”, Австрияни
эса “Ред Булл Зальцбург” ҳимоя қилади.
Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) жамоалари орасида Бразилия клублари алоҳида ажралиб туради. Бу мамлакатдан “Палмейрас”, “Фламенго”, “Флуминенсе” ва “Ботафого” чемпионатда иштирок этади. Аргентинадан эса икки буюк рақиб – “Ривер Плейт” ва “Бока Хуниорс” иштирок этади.
Шимолий Америка, Марказий Америка ва Кариб денгизи минтақаси (КОНКАКАФ) ҳам ўзининг энг яхши клубларини юбормоқда. Улар орасида Мексиканинг “Монтеррей” ва “Пачука” клублари, АҚШнинг “Сиэтл Саундерс”, “Интер Майами” ҳамда яқиндагина турнирга йўлланма олган “Лос-Анжелес” бор.
Осиё қитъасидан эса (ОФК) клублари ичида Саудия Арабистонининг кучли “Ал-Ҳилол” жамоаси, Япониянинг “Урава Ред Даймондс”, БААнинг “Ал-Айн” ва Жанубий Кореянинг “Ульсан Хёндэ” клублари кураш олиб боради.
Океания футбол конфедерациясидан эса доимгидек янги зеландиялик кучли жамоа “Окленд Сити” иштирок этади. Африка қитъаси (КАФ) шарафини эса Мисрнинг “Ал-Аҳли”, Марокашнинг “Видад”, Туниснинг “Эсперанс” ва Жанубий Африканинг “Мамелоди Сандаунз” клублари ҳимоя қилади.
Бу мусобақа учун ФИФА клубларга алоҳида имтиёз ҳам тақдим этмоқда. Жаҳон чемпионати олдидан 1 июндан 10 июнгача махсус трансфер ойнаси очилади ва унда иштирок этувчи жамоалар ўз таркибларини кучайтириш имкониятига эга бўладилар. Бу эса турнирнинг қизғинлигини янада оширади.
Янги форматдаги клублар мундиали нафақат футбол ихлосмандлари учун, балки футболчиларнинг ўзи учун ҳам жуда муҳим имкониятдир. Бу йирик мусобақа орқали футбол клублари ўз нуфузларини янада ошириш, шунингдек, мухлисларга унутилмас лаҳзалар тақдим этиш имконига эга бўладилар.
Шундай қилиб, бутун дунё мухлислари катта қизиқиш билан кутаётган бу турнир ҳар жиҳатдан қизиқарли ўтишини таъминлаш учун ташкилотчилар томонидан барча чоралар кўрилмоқда. Бу йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати барчамиз учун ёрқин футбол байрами бўлиб қолиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар