
Бирлашган Араб Амирликлари футбол ассоциацияси президенти Шайх Ҳамдан ибн Муборак Ал Наҳайён миллий терма жамоага катта ишонч билдириб, уларнинг ЖЧ-2026 саралаш баҳсларида қолган имкониятлардан фойдаланишлари кераклигини таъкидлади. Ассоциация раҳбари БАА миллий терма жамоасининг машғулот жараёнини шахсан кузатиб борди ва Ўзбекистонга қарши ўйинда футболчилардан юқори савияли ўйин намойиш этишни талаб қилди.
Ҳозирги вақтда БАА термаси Абу-Даби шаҳридаги замонавий ва катта аҳамиятга эга бўлган Муҳаммад ибн Заид номидаги стадионда машғулотлар ўтказмоқда. Бу машғулот жараёнида жамоа аъзолари жуда юқори иштиёқ билан қатнашиб, халқаро миқёсда яхши натижалар қайд этиш учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар.
Шайх Ҳамдан ибн Муборак Ал Наҳайён терма жамоа мураббийи Космин Олариу ҳамда унинг ёрдамчиларини алоҳида олқишлаб, уларнинг ишига юқори баҳо берди. «Космин БАА футболининг нозик жиҳатларини яхши билади. У бугунги кунда терма жамоани бошқариш учун энг муносиб мутахассислардан бири ва биз унга ишонамиз. Унинг жамоа билан ишлаши БАА футболига кўплаб ютуқлар келтиришига ишонаман», — деди ассоциация раҳбари.
Шунингдек, Шайх Ҳамдан ибн Муборак Ал Наҳайён директорлар кенгаши, ҳамкорлар ва бутун БАА футбол оиласи терма жамоанинг ортида эканлигини алоҳида таъкидлаб, улар учун зарур бўлган барча ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди.
Президент футболчиларнинг миллий жамоага содиқлик билан қўшилиши ва ўз ватани учун майдонга тушиш истагини юксак қадрлашини ҳам таъкидлади. «Футболчиларимиз маҳаллий чемпионатнинг узоқ мавсуми ва кўплаб халқаро учрашувлардан кейин миллий жамоа лагерга катта тажриба билан келди. Эндиликда ушбу бой тажрибани жамоанинг қолган ўйинларида тўлиқ ишга солиш ва жамоавий манфаат йўлида бирлашиб ҳаракат қилиш керак», — деди у.
Ўзбекистонга қарши бўлиб ўтадиган саралаш учрашуви БАА миллий терма жамоаси учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу ўйинда ғалаба қозониш орқали БАА термаси Жаҳон чемпионатига йўл олиш имкониятини сақлаб қолади. Терма жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби бу учрашувга жиддий тайёргарлик кўриб, халқаро майдонда ўз мамлакати шарафини муносиб ҳимоя қилиш ниятида.
Бу беллашув, шубҳасиз, икки жамоа учун ҳам муҳим ва ҳал қилувчи характерга эга бўлади. Мухлислар эса БАА ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги қизғин ва кескин ўйинни сабрсизлик билан кутишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар