date
views 1 290

Жалолиддин Машарипов: БАА билан учрашувга жамоамиз тўлиқ шай! (видео)

Жалолиддин Машарипов: БАА билан учрашувга жамоамиз тўлиқ шай! (видео)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Бирлашган Араб Амирликларига қарши бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи ўйинга жиддий ҳозиргарлик кўрмоқда. Ҳозирда БААнинг Абу-Даби шаҳрида машғулотларни олиб бораётган терма жамоамиз таркибида юқори кайфият ва иштиёқ ҳукм сураётгани қайд этилмоқда.

Жамоамизнинг етакчи футболчиларидан бири, тажрибали ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов учрашув олдидан жамоадаги умумий ҳолат, кайфият, мотивация масаласи ҳамда ўзининг шахсий жисмоний тайёргарлиги ҳақида мухлисларга маълумот бериб ўтди.

“Жамоада ҳозирги кайфият жуда яхши. Ҳар бир футболчи бўлажак ўйиннинг аҳамиятини ва унга жиддий ёндошиш кераклигини яхши тушунади. Аммо жуда кўп мотивация ҳам футболчига ёмон таъсир қилиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Ҳаддан ортиқ босим ва асабийлашиш ўйин пайтида тўғри қарорлар қабул қилишга халақит беради. Шу сабабдан ҳам биз мураббийлар штаби билан биргаликда ортиқча ҳис-туйғуларни камайтиришга, футболчиларга фақат ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсатишлари учун қулай муҳит яратишга ҳаракат қиляпмиз”, – деди Жалолиддин Машарипов.

Тажрибали футболчи ўзининг шахсий жисмоний ҳолати ҳақида ҳам гапирар экан, унинг бу муҳим ўйинга тўлиқ тайёр эканлигини таъкидлади:

“Шахсан ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Саудия чемпионати 15 майда тугади, шундан кейин ҳам икки ўйинда қатнашдим. Шу сабабли тонусни йўқотмаслик учун клубимда мунтазам машғулотларда қатнашиб турдим. Ҳозир жисмоний жиҳатдан ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Шароит ва об-ҳавога ҳам тезда кўникиб олдик. Шу жиҳатдан ҳам биз БААга қарши учрашувга тўлиқ тайёр ҳолдамиз”, – деб қўшимча қилди Машарипов.

Ўзбекистон миллий жамоаси сўнгги ўйинларда ўзининг ишончли ўйини билан мухлисларни хурсанд қилмоқда ва БАА билан кечадиган беллашувда ҳам муваффақият қозониб, муддатидан олдин мундиал йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилган.

Футболчиларимиздан бири бўлган Жалолиддин Машарипов ҳам мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари жамоага қўшимча куч беришига ишонади ва БААга қарши учрашувда ҳар бир футболчи ўзининг максимал имкониятларини намойиш этишига ваъда бермоқда.

Ушбу муҳим ўйинда Ўзбекистон миллий жамоасининг зафар қучиши барчамиз учун катта байрам бўлиши шубҳасиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалолиддин Машарипов: БАА билан учрашувга жамоамиз тўлиқ шай! (видео)