
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийларидан бири Владо Радманович БААга қарши ўтказилган ҳал қилувчи баҳсдан сўнг ўйин ва умумий саралаш жараёнига баҳо берди. Мураббий жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганини ўзбекистонликлар учун тарихий воқеа сифатида баҳолади.
“Бу тўрт йил жуда қизиқарли, бироқ айни пайтда ўта мураккаб ва синовларга тўла бўлди. Қандай мураккаб йўлни босиб ўтганимизни барчангиз яхши биласиз. Жаноб Катанец билан боғлиқ воқеаларни унутиб бўлмайди. Ачинарлиси, бугун у бизнинг орамизда эмас. Лекин ундан бошланган жараён бугун ўз мевасини берди. Ниҳоят, биз бу йўлланмани қўлга киритдик ва барча меҳнатларимиз ўз самарасини берди,” — деди Владо Радманович ўйиндан сўнг журналистларга.
Мураббийнинг таъкидлашича, бу муваффақият нафақат терма жамоа учун, балки бутун Ўзбекистон халқи учун ҳақиқий тантанага айланган. “Бу ғалаба — Ўзбекистондаги миллионлаб футбол ишқибозлари, қўллаб-қувватловини аямаган мухлислар учун ҳақиқий байрамдир. Улар бизни доимо ишонч билан қарши олишди, сўнгги дақиқаларгача ишонишди ва бу биз учун катта куч бўлди,” — деб таъкидлади у.
Радманович жамоа ичидаги бирдамлик ва барқарор ишлаш муҳитини алоҳида эътироф этди. Унинг фикрича, ана шу омиллар жаҳон чемпионати сари олиб борган асосий кучлардан бири бўлган.
“Биз ҳар бир қийинчиликни бирга енгдик, ўз кучимизга ишондик ва қатъият билан ҳаракат қилдик. Бу мураббийлар штаби, футболчилар, техник гуруҳ ва бутун футбол жамоаси учун ҳақиқий синов йили бўлди,” — деди мураббий.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2026 мусобақасига йўл олишини жаҳон футбол оламида муҳим воқеа сифатида баҳолаш мумкин. Ҳозирги натижа орқали нафақат спорт, балки Ўзбекистон бренди ҳам халқаро миқёсда янада юксалмоқда.
Zamin.uz таҳририяти жамоамизни янада катта ютуқлар кутмоқда, деб умид қилади ва кейинги босқичда ҳам уларга омад тилаб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар