date
views 26

Элдор Шомуродов учун Гасперини даври: янги имконият, янги синов

Элдор Шомуродов учун Гасперини даври: янги имконият, янги синов
2026 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси Элдор Шомуродов “Рома”да янги мавсум арафасида муҳим қарор остонасида турибди. Тажрибали ҳужумчининг кейинги футбол йўли унинг терма жамоа ва клубдаги келажагини белгилаб бериши мумкин.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори ва энг яхши тўпурари ҳисобланган Элдор Шомуродов учун келаётган мавсум жуда муҳим аҳамият касб этади. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган 2026 йилги жаҳон чемпионатида юқори спорт формасида иштирок этишни мақсад қилган легионеримиз ўз ўйин амалиётини мунтазам давом эттириш ниятида.

Агар “Рома” бошқарувида мураббий Клаудио Раньери қолганида, Шомуродовнинг ўйиндаги мавқеи янада мустаҳкам бўларди. Аммо тажрибали мутахассис ўз сўзида турди ва лавозимини тарк этди. Энди эса римликларни Жан Пьеро Гасперини янги мавсумга тайёрлайди.

Бу ўзгариш Элдор учун янги имконият билан бирга катта синов ҳамдир. Италия футболини ёритадиган етакчи нашрлар хабар беришича, Шомуродов янги мураббийнинг ишончига сазовор бўлиш учун тайёргарликни жиддий бошлаган.

Футболчимиз ўз фикрларини ҳам баён этди:
“Гасперинини ҳамма танийди. У “Аталанта”ни Европанинг кучли жамоаларидан бирига айлантирди. Мен ундан қўрқмаяпман. Оғир машғулотлардан ҳам чўчимайман – жисмонан тўлиқ тайёрман”, — деди Элдор.

Элдор Шомуродовнинг таъкидлашича, у ўзида кучли ўзгаришларни ҳис қилмоқда ва ўзига бўлган ишончи янада ортган. “Раньери менга футболчи сифатида ишончни қайта тиклашимга ёрдам берди. Энди ўзимни бошқача футболчи деб ҳис қиляпман”, — деди у.

Ушбу мавсум давомида “Рома” сафида жами 37 та расмий ўйинда иштирок этган Шомуродов 7 та гол урди ва 5 та ассистни амалга оширди. Айниқса, ҳал қилувчи ўйинларда кўрсатган кучли характер ва жамоавий ишлаш қобилияти мухлислар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Энди эса барча диққат Шомуродов ва Гасперини ўртасидаги ҳамкорлик натижасига қаратилган. Агар Элдор янги мураббийнинг ишончини қозона олса, у нафақат “Рома” учун муҳим фигурага айланади, балки жаҳон чемпионати арафасида ўз салоҳиятини янада тўлиқ намоён этади.

Мухлислар эса ўз футболчимизнинг Италиядаги ҳар бир қадамини фахр билан кузатмоқда. Чунки Элдор Шомуродов наинки ўз номини, балки бутун ўзбек футболи шарафини элитада муносиб тарзда ҳимоя қилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов учун Гасперини даври: янги имконият, янги синов