date
views 19 537

Қатар юлдузи Ўзбекистонга қарши муҳим ўйин ҳақида кескин гапирди!

Қатар юлдузи Ўзбекистонга қарши муҳим ўйин ҳақида кескин гапирди!
Қатар терма жамоаси ҳимоячиси, 27 ёшли футболчи Тариқ Салмон жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 10-туридан ўрин олган Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ўзига хос фикрлари билан ўртоқлашди.

"Биз учун Эронга қарши сўнгги ўйин жуда қийин ва муҳим аҳамият касб этарди. Бу ўйин янги мураббийимиз қўл остидаги илк жиддий имтиҳон эди. Гарчи тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионатига чиқиш мақсадимизга эришмаган бўлсак-да, ҳали имкониятларимиз бор. Энди биз плей-офф босқичида кураш олиб борамиз ва бу имкониятни ҳеч қандай қиймат эвазига қўлдан бой бермасликка ҳаракат қиламиз", — деди у.

Футболчи, шунингдек, Ўзбекистонга қарши бўладиган ўйиннинг ўзига хос жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтди:

"Шубҳасиз, Ўзбекистон билан бўладиган ўйин осон кечмайди. Улар тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатига йўлланма олиб, ҳали ҳам байрам кайфиятида юришибди. Табиийки, ўз мухлислари олдида мағлуб бўлишни хоҳлашмайди. Бу вазият бизга ҳам тегишлидир, чунки биз ўз гуруҳимизда Эрон каби қудратли рақибни мағлуб этган ягона жамоамиз. Шунингдек, Ўзбекистонга нисбатан ҳам худди шундай фикрни ишлатиш мумкин, чунки биз уларни ҳам гуруҳда енгган ягона терма жамоамиз. Бу натижалар Қатар терма жамоасининг жуда кучли ва жиддий рақиб эканлигини кўрсатади".

Салмон ўйинга пухта тайёргарлик кўрилганини таъкидлаб, қўшимча қилди:

"Иншааллоҳ, бўлажак беллашувга тўлиқ тайёрмиз. Мураббийимиз бу учрашувда мағлубиятга учрашимизни истамайди ва биз ҳам ўзимизга бўлган ишончимиз юқори. Мухлисларимизни қувонтирадиган натижа билан майдонни тарк этамиз".

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичи 10-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар ўртасидаги ўйин 10 июнь куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан олдин жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган бўлса, Қатар жамоаси саралаш босқичининг плей-оффида иштирок этиш учун яна бир бор куч синашади. Бу ўйин ҳар икки терма жамоа учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мухлисларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қатар юлдузи Ўзбекистонга қарши муҳим ўйин ҳақида кескин гапирди!