date
views 7 829

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг ўйини қандай баҳоланди?

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг ўйини қандай баҳоланди?
Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичи доирасида Қатар устидан йирик ҳисобда (3:0) ғалаба қозонди ва тарихий натижа қайд этди. Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ўтган учрашувда мухлислар жамоанинг юксак руҳдаги ва кучли ўйинига гувоҳ бўлдилар.

Бу ғалабада бир қатор футболчилар ўз ўйини билан алоҳида ажралиб турди. Жумладан, Жамшид Искандеров ўйиндаги таъсирчан ҳаракатлари билан Sofascore талқинида энг юқори баҳоланган футболчи бўлди — 8,1 балл. У 62-дақиқада захирадан майдонга тушиб, ҳам Элдор Шомуродов, ҳам Игор Сергеевнинг голларига ассистентлик қилди.

Искандеров 28 дақиқа ичида тўпга 16 марта тегиб, 10 та узатма амалга оширди ва уларнинг 80 фоизи манзилга етди. Шунингдек, у 2 марта калит пас бериб, рақиб ҳимоясини йиртиб ўтди.

Жалолиддин Машарипов эса 8,0 балл билан ўйиннинг иккинчи энг яхши футболчиси сифатида қайд этилди. У 84-дақиқагача майдонда ҳаракат қилиб, 61 марта тўпга тегинди ва 5 та калит узатма ҳамда 7 марта якка курашда иштирок этди.

Бундан ташқари, биринчи гол муаллифи Азизбек Турғунбоев 7,6 балл, Игор Сергеев 7,5 ва Элдор Шомуродов 7,2 балл билан баҳоланди. Аббосбек Файзуллаев эса 7,1 балл билан терма жамоамизнинг фаол футболчиларидан бири сифатида қайд этилди.

Энг кам баҳоланган футболчилар орасида Ҳожимат Эркинов (6,4) ва Абдурауф Бўриев (6,6) каби футболчилар захирадан тушгани боис камроқ фаолият кўрсатишди. Ўткир Юсупов ва Шерзод Насруллаевнинг баҳолари — 6,7.

Қатар термаси сафида энг яхши натижани Абдулла Юсуф қайд этди — 7,0 балл. Энг ёмон баҳоланган футболчи эса Муҳаммад Носир — 6,2 балл.

Жамоавий руҳ, аниқ тактика ва индивидуал маҳорат — Ўзбекистоннинг Қатар устидан қозонган ғалабаси бугун нафақат очко жиҳатидан, балки психологик ва руҳий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. ЖЧ–2026 олдидан шундай ишончли ўйинлар бизни катта мақсадларга бошлаб боради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг ўйини қандай баҳоланди?