
Ўзбекистон терма жамоаси тарихий муваффақиятини яна бир йирик ғалаба билан якунлади. 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини олдинроқ қўлга киритган миллий терма жамоамиз саралаш босқичидаги сўнгги ўйинни Тошкентда Қатарга қарши ўтказди ва рақибни 3:0 ҳисобида таслим этди.
Беллашувда Элдор Шомуродов, Азизбек Турғунбоев ва Игор Сергеевнинг аниқ зарбалари ғалабани таъминлади. Айниқса, Шомуродовнинг иккинчи бўлимда урган голи мухлислар ёдидан узоқ вақтгача чиқмайди. Тўпни ўнг оёқда назоратга олиб, чап оёқда дарвоза бурчагига юборган зарбаси нафақат майдондаги, балки италиялик спорт нашрларида ҳам катта таҳсинга сазовор бўлди.
Италиянинг VOCEGIALLOROSSA.IT, LAROMA24.IT ва SIAMOLAROMA.IT нашрлари Шомуродовнинг термадаги голи ва ўйини ҳақида алоҳида мақолалар эълон қилди. Улар “Рома” ҳужумчисининг ўйинда ҳал қилувчи роль ўйнаганини, ўйин тақдирини ҳал қилган зарба узатганини таъкидлашди. Шунингдек, римликлар сафида унинг келажаги ҳам яна муҳокама марказига кўтарилди.
VOCEGIALLOROSSA.IT:
“Рома” ҳужумчиси Ўзбекистон терма жамоасида сафида гол урди. Навбатдаги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиб бўлган Ўзбекистон ўз майдонида Қатар футболчилари билан куч синашди.
Гарчи ўзбеклар вазифани муддатидан олдин уддалаган бўлса-да, қатарликларга қарши ўйин анча мураккаб кечди. Бироқ учрашув охирида мезбонлар ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келди.
Ушбу баҳсда гол урган ўйинчилар орасида “Рома” вакили Элдор Шомуродов ҳам бор эди. Тажрибали тўпурар 86-дақиқада ҳисобни 2:0 га етказди.
LAROMA24.IT:
Шомуродовдан супергол. 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиққанини Қатар устидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан мустаҳкамлаб қўйган Ўзбекистон байрамни давом эттирмоқда. Миллий терма жамоа юлдузи Элдор Шомуродов ўткир бурчакдан чап оёқда гол уриб, ҳисобдаги фарқни иккитага етказди ва амалда учрашув тақдирини ҳал қилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси саралаш турнирининг учинчи босқичини ишончли ғалаба ва жами 21 очко билан якунлади.
SIAMOLAROMA.IT:
Энди Элдор Шомуродов “Рома”даги келажаги ҳақида бош қотирса ҳам бўлади. Январда “Венеция”га ўтишига бир қадам қолган футболчи чемпионатнинг ҳал қилувчи палласида зўр ўйин кўрсатиб, римликларнинг бошланғич таркиб ўйинчисига айланди.
Энди мавсумлар оралиғидаги ўқув-машғулот йиғинларида янги бош мураббий Жан Пьеро Гасперини ўзбек футболчисининг имкониятларини ўрганиб чиқиши керак бўлади. Бу орада Шомуродов ўз миллий терма жамоасида ажойиб гол урди.
Мундиалга муддатидан олдин чиққан Ўзбекистон терма жамоаси саралаш турниридаги охириги учрашувини Қатарга қарши ўтказди. Элдор Шомуродов майдон марказидан олдинги чизиққа узатилган тўпни ўнг оёқда тўхтатиб, чап оёқда зарба йўллади. Рақиб дарвозабони Закариё Салоҳ ҳеч нарса қила олмади.
Айтиш жоиз, Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида тарихга кирган. У 82 та расмий учрашувда 42 та гол киритган ҳолда мутлақ рекордни ўрнатган.
Қатар устидан қозонилган ғалаба нафақат очколар жиҳатидан, балки руҳий ва спортдаги интизом нуқтайи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки биринчи даврадаги ўйинда қатарликлар сўнгги дақиқада гол киритиб, терма жамоамизни мағлубиятга учратган эди. Бу реванш орқали футболчиларимиз ўзини нафақат мухлислар, балки халқаро экспертлар олдида ҳам яна бир бор кўрсатишди.
Шу тариқа, саралашнинг учинчи босқичини Ўзбекистон терма жамоаси 21 очко билан якунлади ва жаҳон чемпионатида иштирок этиши расман тасдиқланди. Эндиликда терма жамоамиз мураббийлари ва футболчилари олдида янада катта масъулият: АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган мундиал учун жиддий тайёргарлик бошланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар