date
views 17 310

Исломбек Исмоилов шогирдлари Чилини мағлуб этган ўйин ҳақида нималар деди?

Исломбек Исмоилов шогирдлари Чилини мағлуб этган ўйин ҳақида нималар деди?
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўзининг халқаро ўртоқлик ўйинида навбатдаги муваффақиятга эришди. Жамоамиз Чили ёшлари устидан 1:0 ҳисобида зафар қучди ва бу ғалаба катта таассурот ва ижобий хулосаларга сабаб бўлди.

Учрашувдан сўнг бош мураббий Исломбек Исмоилов жамоанинг ҳаракати ҳақида шундай деди: “Бугун футболчиларимизнинг ҳаракатидан мамнунман. Илк бор Лотин Америкаси жамоасига қарши ўйнаётган бўлсак-да, йигитларим барча кўрсатмаларни сўзсиз бажарди. Чили каби жисмонан ва техник жиҳатдан кучли рақибга қарши муваффақиятли ҳаракат қилдик. Куч ва тезлик жиҳатидан рақибимизга имконият қолдирмадик.”

Мураббий, шунингдек, баъзи футболчиларнинг жароҳат олишига қарамасдан, жамоа дисциплина ва бирдамлик намоён этганини таъкидлади: “Албатта, ўйинда бир нечта йигитларимиз жароҳат олди. Лекин, Жаҳон чемпионати гуруҳимизда ҳам Лотин Америка вакиллари борлигини ҳисобга олсак, бу ўйин биз учун муҳим тажриба мактаби бўлди. Чилига қарши ўйнаш бизнинг тактик салоҳиятимизни оширди ва жаҳон чемпионатига яхшироқ тайёргарлик кўриш имконияти яратди.”

U-17 терма жамоамиз Чили каби номдор рақибга қарши ўйин орқали халқаро майдонда яна бир бор ўз салоҳияти ва имкониятини намойиш этди. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ёшлари ҳар бир ўртоқлик баҳсида янги ўйин услублари ва тажрибаларни синаб, катта мусобақаларга жиддий ҳозирлик кўрмоқда.

Ёшларимизнинг бу каби ғалабалари миллий футболимиз равнақига янги руҳ ва умид бағишлайди. Олдинда уларни янада муҳим ва масъулиятли баҳслар кутмоқда. Терма жамоамизга Жаҳон чемпионатида омад тилаймиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Исломбек Исмоилов шогирдлари Чилини мағлуб этган ўйин ҳақида нималар деди?