date
views 204

Жек Грилишга энди “Сити”да ўрин йўқми? “Эвертон” етакчи сифатида таклиф қилмоқда

Жек Грилишга энди “Сити”да ўрин йўқми? “Эвертон” етакчи сифатида таклиф қилмоқда
Англия футболидаги сўнгги хабарлар жамоатчиликни ҳайратда қолдириши мумкин. “Манчестер Сити”нинг юқори маошли ва эътибор марказида бўлган футболчиларидан бири — Жек Грилиш яқинда клубни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Fichajes нашри ишончли манбаларга таяниб хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Грилиш 2021 йилда “Астон Вилла”дан “Сити”га кўчиб ўтган эди. Унинг трансфери 117,5 миллион еврони ташкил қилган ва бу англиялик футболчи учун рекорд даражадаги сумма эди. “Сити” ундан катта умид қилган, Хосеп Гвардиола эса уни ҳужум марказида етакчи ролга тайинлаган эди.

Бироқ вақт ўтиши билан вазият кутилгандек кечмади. Грилиш ўзининг “Астон Вилла”даги портловчи формасини “Сити”да тўлиқ намоён қила олмади. Мухлислар ва мутахассислар унинг пассив ўйини, майдондаги нотаъсирли ҳаракатларини кўп бор танқид қилишди. Бу эса, мураббий Гвардиоланинг ишончини сусайтирди.

Айни пайтда, “Манчестер Сити” клубида Грилишга нисбатан муносабат ўзгарган. Хабарларга қараганда, Гвардиола унга жамоадаги келажаги йўқлигини айтган ва бошқа жамоа топишни тавсия қилган. Бу ҳолат футболчининг ўзига ҳам маълум қилинган.

Грилишнинг кетиши эҳтимоллари ортиб борган сари, унга қизиқувчи клублар сони ҳам орта бошлади. Улар орасида энг жиддийларидан бири – “Эвертон”. Мерсисайд клуби уни ўз сафида кўришни жуда истамоқда ва футболчига марказий ўрин ваъда қилмоқда. Улар ишонадики, Грилишнинг тажрибаси ва техникаси жамоага янги нафас олиб киради, айниқса, ҳужумдаги самарадорликни оширишда муҳим рол ўйнайди.

Манбаларга кўра, “Эвертон” ва Грилиш ўртасида музокаралар аллақачон бошланган ва ҳозирча ижобий руҳда кечаётгани маълум. Энг муҳим жиҳат — футболчининг ўзи ҳам янги муҳитга ўтишга қарши эмас. Унг бир вақтлар ўзини бутун Англияга танитган формага қайтиш учун доимий ўйин амалиёти керак.

Шунингдек, “Эвертон”нинг лойиҳаси – клубни яна Европа мусобақаларига қайтариш ва рақобатбардошлигини тиклаш – Грилиш учун қизиқувчан лойиҳа бўлиши мумкин.

Футбол оламида трансферлар кутилмаган бурилишларга бой. Грилишнинг “Манчестер Сити”дан кетиши нафақат унинг шахсий фаолияти, балки АПЛдаги жамоавий мувозанатни ҳам ўзгартириши мумкин. Бу трансфер ҳақиқатан ҳам амалга ошса, “Эвертон” сўнгги йиллардаги энг катта ютуғига эришади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жек Грилишга энди “Сити”да ўрин йўқми? “Эвертон” етакчи сифатида таклиф қилмоқда