
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 1-тур доирасидаги йирик қарама-қаршиликда ПСЖ ўз кучи ва устунлигини тўлиқ намоён этди. Франция гранди АҚШнинг “Rose Bowl” аренасида бўлиб ўтган учрашувда мадридлик “Атлетико”ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ўйин таҳлили
Парижликлар ўйинни юқори темп ва тўлиқ назоратда бошлашди. Жамоа марказидаги ҳаракатчанлик ва қанотлардаги тезкорлик “Атлетико”га қарши асосий қуролга айланди.
Ҳисоб 19-дақиқада очилди — Фабиан Руис марказдан ҳужумни якунлаб, ПСЖни олдинга олиб чиқди. Танаффус арафасида эса Витинья аниқ зарбаси билан иккинчи голни уриб, рақиб умидларини сўндирди.
Иккинчи таймда “Атлетико” ҳаракат қилгани билан ПСЖнинг тактик устунлиги кўзга ташланиб турди. 87-дақиқада С. Меюлю ҳисобни йириклаштирди. Охирги зарбани эса Ли Кан Ин берди — 90+7-дақиқада пенальтини аниқ амалга оширди.
Мадридликлар бир киши кам бўлиб тугатишди
"Атлетико" ўйинда фақат гол эмас, балки тартибда ҳам ютқазди. Бир неча футболчи огоҳлантирилди, сўнгги дақиқаларда эса битта ўйинчи майдондан четлатилди. Жамоа сон жиҳатидан ҳам камчиликка учради ва сўнгги дақиқаларни 10 киши бўлиб ўтказди.
Витинья — баҳснинг энг яхшиси
Иккинчи гол муаллифи Витинья нафақат урилган голи, балки бутун ўйин давомидаги ҳаракатлари билан ҳам ажралиб турди. Унинг марказдаги ўйини, узатмалари ва прессингдаги фаоллиги уни “энг яхши футболчи” деб тан олинишига сабаб бўлди.
Таркиблар:
ПСЖ: Доннарумма — Мендеш, Пачо, Маркиньос, Хакими — Фабиан Руис, Витинья, Жоау Невеш — Кварацхелия, Дуэ, Гонсалу Рамуш.
Атлетико: Облак — Галан, Лангле, Ле Норман, Льоренте — Лино, Барриос, Де Поль — Симеоне, Гризманн, Альварес.
ПСЖ ушбу ғалаба билан Клублар ўртасидаги ЖЧни кучли руҳда бошлади ва чемпионликка даъвогар эканини яна бир бор исботлади. Мадридликлар эса кейинги турларда ўз ўйинини тубдан ўзгартириши лозим — акс ҳолда мусобақани эрта тарк этиш хавфи катта. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар