
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихий муваффақияти – Жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма олишидан сўнг, юртимиз футболчиларига бўлган қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда. Айниқса, Европадаги клубларда фаолият олиб бораётган юртдошларимиз ҳақида турли суҳбатлар тобора кўпаймоқда.
Машҳур “Nobel” YouTube-канали орқали сўзга чиққан Элдор Шомуродов шунга доир қизиқарли воқеа-ҳодисаларни баён қилди. Унинг айтишича, сўнгги йилларда Италияда ўзбекистонлик футболчилар ҳақидаги қизиқиш анча ошган.
— Авваллари, улар мендан “Европада фақат сен ўйнайсанми?” деб сўрашарди. Мен “ҳа” десам, “у ҳолда сен қиролсан”, деб ҳазиллашишарди. Аммо бугунги кунда барча диққат марказида яна бир исм — Абдуқодир Ҳусанов, — деди Элдор.
Шомуродов сўзларига кўра, Италиядаги жамоадошлари энди ундан Ҳусанов ҳақида сўрай бошлаган. Улар “Ўзбекистонда янги қирол туғилдими?”, “Ҳусанов “Сити”да ўйнаяпти, у сени ҳам ортда қолдирибдику?” деб шўхлик қилишар экан. Элдор эса самимийлик билан “Ҳа, у меникидан баландроқ даражада”, деб жавоб қайтараётганини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов “Машъал” академиясида тарбияланган бўлиб, кейинчалик “Бунёдкор”да тўп сурган. 2017 йилда Россиянинг “Ростов” жамоасига йўл олган ва у ерда муваффақиятли уч йиллик фаолиятдан сўнг Италиянинг “Женоа” клубига ўтган. Кейинчалик “Рома”га трансфер қилинди ва у ердаги фаолияти давомида УЕФА Конференциялар лигасини қўлга киритди.
Бугунги кунда Шомуродов А Серияда 129 та ўйинда иштирок этиб, 19 та гол ва 13 та голли узатма муаллифига айланди. Шунингдек, у миллий терма жамоа тарихида энг кўп гол урган футболчи — 42 та. Бу кўрсаткичга у 82 та ўйин орқали эришди.
Айни пайтда Элдор ўзининг тажрибаси ва лидерлик хусусиятлари билан ҳамон миллий жамоа учун муҳим фигура саналади. Унинг сўзларида фақат оддий гаплар эмас, балки келажакдаги умид, бирдамлик ва ўзбек футболининг янги даврига нисбатан ишонч бор.
Энди нафақат Шомуродов, балки Ҳусанов каби ёш истеъдодлар ҳам бутун дунёда танилиб бормоқда. Улар орқали Ўзбекистоннинг футбол салоҳияти янада юксалиши шубҳасиз. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар