
Лондоннинг "Тоттенхэм" жамоаси таркибидаги асосий юлдузлардан бири — Сон Хин Миннинг тақдири ҳали ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Жанубий кореялик ҳужумчи келаси мавсумни қаерда бошлаши масаласи мухлислар ва экспертлар ўртасида қизғин муҳокама этилмоқда.
Франкнинг режаларида Сон борми?
Жамоанинг янгиланган бош мураббийи Томас Франк келаси мавсум учун таркибни қайта шакллантиришни режалаштирмоқда. У ўз услубига мос келадиган футболчиларни жамоада қолдириб, қолганлар билан хайрлашишни мақсад қилган. Шу нуқтаи назардан, Сон Хин Мин ҳам эҳтимолий трансферлар рўйхатида пайдо бўлган.
Бироқ…
Тижорий сабаблар туфайли ҳозирча сотилмайди
“Тоттенхэм”нинг Осиёдаги тижорий сафар режалари Соннинг яқин орада жамоани тарк этишига йўл қўймаяпти. Маълумотларга қараганда, жамоа ёзда Жанубий Кореяга ташриф буюради ва у ерда “Ньюкасл”га қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этади. Бу ўйин клубнинг рекламавий ва молиявий лойиҳалари билан боғланган бўлиб, Соннинг майдонда бўлиши шарт қилиб белгиланган.
Агар ҳужумчи бу ўйинда иштирок этмаса, "Тоттенхэм" катта миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлади. Шу боис, жамоа ҳозирча ўз юлдузини тарк этишига рухсат бермайди.
Августда катта эҳтимол билан кетади
Шунингдек, мутахассислар ва инсайдерлар таъкидлашича, Сон Хин Миннинг трансфери бўйича музокаралар август ойида қайта жонланиши мумкин. Сабаби, Жанубий Корея сафаридан кейин клубнинг тижорий мажбуриятлари тугайди ва ҳужумчининг тақдири очиқ қолади.
Эслатиб ўтамиз, Соннинг "Тоттенхэм" билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзигача мўлжалланган. Унинг жамоадаги нуфузи катта, аммо ёши ва маоши туфайли клубнинг молиявий стратегиясида муайян тўсиқ сифатида кўрила бошлагани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Маҳаллий ва Осиё бозори учун муҳим шахс
Шунингдек, Сон "Тоттенхэм" учун нафақат спорт жиҳатидан, балки тижорий ва маркетинг нуқтаи назаридан ҳам жуда қиммат актив ҳисобланади. Айниқса, Осиё бозоридаги таъсири — жамоага катта даромад келтириб туради. Шу боис, унинг трансферида нафақат спорт, балки бизнес манфаатлар ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Хулоса қилиб айтганда, Сон Хин Миннинг “Тоттенхэм”дан кетиши ҳозирча амалга ошмаслиги мумкин. Аммо август ойида вазият кескин ўзгариши ва жаҳон футболидаги катта трансферлардан бирига гувоҳ бўлишимиз эҳтимолдан холи эмас. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар