date

Элдор Шомуродовнинг келажаги қайси йўл билан давом этади?

Элдор Шомуродовнинг келажаги қайси йўл билан давом этади?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори ва тўпурари Элдор Шомуродов учун навбатдаги мавсум оддий мусобақа эмас — у учун жаҳон чемпионатига олиб борувчи ҳал қилувчи давр бўлиши мумкин. Келаси йил АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган мундиалда Элдор термамизни майдонга бошлаб тушиши кутилаяпти. Шундай экан, унинг спорт формаси, ўйин амалиёти ва психологик ҳолати — барчаси ўз вақтида пик ҳолатда бўлиши шарт.

Айни пайтда Шомуродов футболдаги фаолияти учун муҳим қарор остонасида турибди. Римнинг “Рома” жамоасида янги бош мураббий Жан Пьеро Гасперини иш бошлаган ва Элдор у билан ишлашга тайёрлигини билдирган бўлса-да, “асосий таркиб кафолати” масаласи ҳали номаълумлигича қолмоқда. Мунтазам ўйин амалиёти эса унинг жаҳон чемпионатидаги ўйини учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Элдорга нисбатан қизиқиш жуда катта. Туркия Суперлигасининг сўнгги мавсумни бешинчи ўринда якунлаган ва Европага чиқиш мақсадида таркибини кучайтиришни режа қилган “Башакшеҳир” клуби расман “Рома”га 7 миллион евролик таклиф билан чиққан. Турклар бир неча мавсумдан буён Шомуродовни кузатишмоқда ва бу гал жиддий ҳаракатга ўтмоқда.

Шу билан бирга, Элдорга Франциянинг “Ренн” клубидан ҳам қизиқиш мавжуд. Лига 1 жамоаси ўз ҳужум чизиғини кучайтириш ниятида бўлиб, “Рома” билан расмий мулоқотларни бошлаб юборган. Мутахассисларнинг фикрича, Шомуродовнинг ҳаракатлари ва техник салоҳияти “Ренн”нинг ўйин услубига мос келади ва у ердаги рақобатли муҳит унга янги босқичда ўзини кўрсатиш имконини беради.

Қизиқарлиси, АҚШ чемпионатидан ҳам таклифлар бор. Агар молиявий жиҳатлар устувор саналса, МЛС клублари катта маошлар ва шароитлар билан қизиқтириши мумкин. Лекин жаҳон чемпионати остонасида спорт формасини сақлаш биринчи ўринда туриши керак.

Элдорнинг мавсум иккинчи ярмида “Рома”да кўрсатган ўйини — ҳал қилувчи паллада асосий таркибга кириши ва голли ҳаракатлар қилиши — унинг бозори қизишида муҳим омил бўлмоқда. Шубҳасиз, Италия клублари ҳам унинг атрофида давра тузиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Шомуродов учун бу фақат клуб танлови эмас, балки бутун фаолиятига таъсир қиладиган қарор бўлади. У “топ-5” лигасида қоладими, Туркияга ўтадими ёки янги саҳифа очиб, АҚШдаги ҳаётни танлайдими — бу масалада вақт яқин кунларда барчага аниқлик киритади.

Шомуродов қайси йўлни танлайди? Савол очиқ. Сизнингча, Элдорнинг энг тўғри қарори қайси бўлади?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродовнинг келажаги қайси йўл билан давом этади?