date

Элдор Шомуродовнинг навбатдаги манзили – Туркия, АҚШ ёки Европами?

Элдор Шомуродовнинг навбатдаги манзили – Туркия, АҚШ ёки Европами?
2026 йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган тарихий жаҳон чемпионатида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун бу фақат бошланиш, десак муболаға бўлмайди. Юртимиз шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилаётган сардор ва асосий тўпурар Элдор Шомуродов эса бу жараёнда алоҳида ўринга эга. Унинг номи нафақат ўзбекистонлик футбол ишқибозлари, балки Европанинг етакчи клублари учун ҳам қизиқиш уйғотмоқда.

Маълумотларга қараганда, Шомуродов сўнгги мавсумда Италиянинг машҳур “Рома” клубида муваффақиятли фаолият олиб боргани сабабли кўплаб клубларнинг эътибор марказига тушган. Хусусан, АҚШнинг MLS лигасидаги бир неча жамоа, Франция чемпионатидан “Нант” ва “Марсель”, Туркиядан эса “Фенербахче” ва “Трабзонспор” каби клублар Шомуродовни ўз сафларида кўриш истагида.

Айни пайтда Элдорнинг Россиядаги собиқ жамоадошлари ҳам унга алоҳида ҳурмат ва қизиқиш билан қарамоқда. Хусусан, “Ростов”да бирга тўп сурган Арсений Логашов журналистлар билан суҳбатда Элдор ҳақида самимий фикрлар билдирди:

“Элдор менда ҳар томонлама ижобий таассурот қолдирган. У жуда мақсадга интилаётган, жисмонан кучли, техник жиҳатдан ўта яхши тайёргарликка эга ва майдондаги вазиятни зўр англайдиган футболчи. Ундаги майдонни кўриш қобилияти ва гол интуицияси алоҳида эътирофга лойиқ. Уни бошқалар билан қиёслаш қийин, чунки Элдор ўзига хос футболчи”, – деди Логашов.

Шомуродовнинг Европа футболидаги ютуқлари шунчаки тасодиф эмас. Унинг футболчи сифатида шаклланишида Россиядаги “Ростов” клубида бош мураббий Валерий Карпин катта рол ўйнаган. Мураббий Элдорга ишонган ва унинг салоҳиятини тўлиқ очиш учун имкон яратган. Шунингдек, футболчининг агентларидан бири Герман Ткаченко ҳам ҳозиргача унга яқин маслаҳатчи ва таянч сифатида қолмоқда.

Элдор Шомуродовнинг Европа майдонларига йўл олиши 2020 йилда, Италиянинг “Женоа” клубига ўтганида бошланган. Дебют мавсумидаёқ 8 та гол уриб, катта клубларнинг эътиборини қозонган. Шундан сўнг у “Рома” сафига ўтди ва италияликлар билан узоқ муддатли шартнома имзолади. Кейинчалик “Специя” ва “Кальяри”да ижара асосида тўп сурди.

Шомуродовнинг Италия А Сериясидаги умумий фаолияти 129 та учрашувни ўз ичига олади, унда у 19 та гол уриб, 13 та голли узатма амалга оширган. Шунингдек, у 2021 йили илк бор ўтказилган УЕФА Конференциялар лигасида ғолиб чиқиб, ўз номини Европа футболи тарихига ёздирди.

Миллий терма жамоа сафидаги кўрсаткичлар ҳам диққатга сазовор. Элдор 2015 йилдан буён термада фаолият олиб бормоқда ва шу вақт мобайнида 82 та учрашувда иштирок этиб, 42 та гол муаллифига айланган. Бу уни терма жамоамизнинг энг самарали тўпурарларидан бирига айлантиради.

Россиялик мутахассис Арсений Логашов эса ўз фикрида қуйидагича якунлади:

“Мен ўзбек футболини кузатиб бораяпман ва айтишим керакки, уларда жуда кучли ва ҳаракатчан терма шаклланган. Греция 2004 йилги Европа чемпионатида қандай кутилмаган натижа кўрсатган бўлса, Ўзбекистон ҳам 2026 йилги Жаҳон чемпионатида бундай сюрпризни қайтариши мумкин. Бунинг учун уларда салоҳият етарли”.

Элдор Шомуродовнинг катта саҳнадаги синовлари ҳали олдинда. Унинг ким билан шартнома тузиши ва қаерда ўйнаши ҳозирча ноаниқ. Бир нарса аниқ – у қайси клубда тўп сурмасин, ўзининг фидойилиги, тажрибаси ва салоҳияти билан ҳар қандай жамоанинг асосий кучига айланиши мумкин. Унга омад ва янги зафарлар тилаймиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродовнинг навбатдаги манзили – Туркия, АҚШ ёки Европами?