
Европа футболида доимо марказий ўринни эгаллаб келаётган “Реал Мадрид” янги мавсум арафасида таркибни янада кучайтиришга бел боғлади. Хусусан, клубнинг трансфер сиёсатида эътибор марказида майдоннинг юраги саналмиш ярим ҳимоя чизиғи турибди. Тони Крооснинг фаолиятни якунлаши ва Лука Модричнинг кетиши мадридликлар учун жиддий саволларни келтириб чиқарди.
Бошида “Реал” “Реал Сосьедад”нинг интеллектуал ва тўп билан муомала қилишда маҳоратли бўлган футболчиси Мартин Субимендини олишни режалаштирган эди. Аммо у Лондоннинг “Арсенал” клубини танлади ва ушбу имконият қўлдан кетди.
Бу вазият мадридликларни Германия томон қарашга мажбур қилди. “Штутгарт” сафида ўйинлари билан Бундеслигада юксак баҳоланаётган Ангело Штиллер клуб эътиборига тушди. Бироқ, “Реал”нинг селекция бўлимидаги масъуллар майдон маркази учун янада тайёр ва юксак босим остида ўйнаган футболчи талаб этилишини англади.
AS нашрининг таъкидлашича, бу позиция учун энг яхши номзод сифатида “Манчестер Сити”даги юлдуз ўйинчи, “Олтин тўп” соҳиби Родри кўрилмоқда. Испаниялик ярим ҳимоячи техник жиҳатдан мукаммал, ўйинни оқилона бошқаради ва жамоанинг тактик қурилишларида муҳим рол ўйнайди. Ундан ташқари, унинг тажрибаси ва катта ўйинларда кўрсатган муваффақиятлари клуб учун идеал деб баҳоланмоқда.
Бироқ “Сити” сингари жаҳон грандидан Родрини тортиб олиш осон эмас. Шу сабабдан, “Реал” эҳтимолий альтернатива сифатида “Ливерпуль”даги Алексис Мак Аллистер ва “Челси” сафидаги Энцо Фернандесни ҳам кузатув остига олди. Бу икки ўйинчи ҳам техник маҳорати, зўр паслар бериш қобилияти ва ҳужумни қўллаб-қувватлашдаги ишончли ҳаракатлари билан танилган.
Қисқаси, “Қироллик клуби” ўз ўйинини янада мустаҳкамлаш учун тайёр ва юқори сифатли марказий ярим ҳимоячи излашда давом этмоқда. Ким "Сантьяго Бернабеу"да Кроос ва Модрич меросини давом эттиради — бу яқин ҳафтанинг энг қизиқарли саволларидан бирига айланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар