
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг сўнгги турида “Манчестер Сити” ўз мухлисларини навбатдаги йирик ғалаба билан хурсанд этди. Хосеп Гвардиола бошчилигидаги инглиз грандлари Италиянинг “Ювентус” жамоасини 5:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу натижа “шаҳарликлар”га “G” гуруҳидаги энг яхши жамоа сифатида плей-офф йўлланмасини тақдим этди.
Ўйинда “Сити”нинг ҳужумчилари ўзига хос маҳорат ва аниқлик билан ҳаракат қилган бўлса, ҳимоя чизиғидаги ўйинчилар ҳам юқори даражадаги тайёргарликни намоён этди. Ҳар бир жамоа 90 дақиқа ичида кўплаб имкониятлар яратди, аммо сўнгги сўзни Гвардиола шогирдлари айтди.
Беллашув якунланганидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Гвардиола жамоанинг ҳимоя чизиғи ҳақидаги саволларга жавоб берди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда “Сити” ҳимояда етарли чуқурликка эга бўлиб, бу эса машғулотларда эркин ротация қилиш имконини яратади.
— “Бугун майдонда икки тажрибали ва иқтидорли марказий ҳимоячимиз тўп сурди. Яна тўрт нафар футболчи эса захирада эди. Бу — катта ютуқ. Чунки ўтган мавсумда бизда биттагина захира ҳимоячи бор эди. Бу ҳолат бизга жуда кўп қийинчилик туғдирган, айниқса машғулотлар жараёнида”, — деди Гвардиола.
Испаниялик мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозирги мувозанатли таркиб жамоа ривожи учун асосий таянч ҳисобланади. Жамоа фақат Англия Премьер-лигаси эмас, балки Европа майдонларида ҳам катта натижалар қайд этишни мақсад қилган.
Матбуот анжуманида Гвардиола ўз ассистентлари — мураббийлар штабига ҳам миннатдорлик билдирди. Уларнинг ташкилотчилик салоҳияти ва ҳар бир ўйинчи билан индивидуал ёндашуви натижасида “Сити” йилдан йилга мустаҳкам жамоага айланмоқда.
Эндиликда “Манчестер Сити” плей-офф босқичида Саудия Арабистони чемпиони “Ал-Ҳилол” жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу жамоа ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб, кучли рақибларга қарши қандай кураш олиб боришини намоён этди. “Ал-Ҳилол”нинг етакчи футболчилари — Салем Ал-Давсари ва Маркос Леонардо — турнирда жиддий роль ўйнаши мумкин.
Мухлислар эса 1 июль куни бўлиб ўтадиган ушбу беллашувни сабрсизлик билан кутмоқда. “Кэмпинг Уорлд” стадионида ўтадиган ушбу жанг жаҳон чемпионатидаги энг ёрқин ўйинлардан бирига айланиши мумкин. Ҳимоядаги барқарорлик, ҳужумдаги тезкорлик ва мураббийлар тактик тафаккури — буларнинг барчаси гўзал футбол намойиши учун асос яратиши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар