
Европа футболи жамоатчилиги яна бир тўсатдан йўқотиш билан юзма-юз келди — “Ливерпуль” ҳужумчиси, португалиялик иқтидор Диогу Жота 28 ёшида Испаниянинг ғарбий қисмидаги автоҳалокатда ҳалок бўлди, деб хабар берди marca.com. Бу мудҳиш воқеа бутун футбол оламини ва мухлисларни чуқур қайғуга солди.
Маълумотларга кўра, Жота бир неча йилдан буён Англиянинг “Ливерпуль” клубида ҳужум чизиғида ўзига хос ўйин намоён қилиб келаётган эди. У клубга 2020 йилда қўшилиб, тез орада жамоанинг муҳим фигурасига айланган. Аввалроқ у “Вулверхэмптон” ва “Порту” таркибларида ҳам тўп сурган, ўзининг ҳужумкор руҳи ва майдондаги фаоллиги билан ўзгача муҳит ярата олган футболчи эди.
Жота Португалия миллий терма жамоасида ҳам 30 дан ортиқ учрашувда қатнашиб, жамоасига муҳим ғалабаларда ўз ҳиссасини қўшган. Ўтган мавсумда у “Ливерпуль” сафида 37 ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол ва 4 та ассист қайд этган, мухлислар учун ҳақиқий кумирга айланганди.

Футбол мухлислари ва мутахассислар Жотанинг майдондаги истеъдоди, меҳнатсеварлиги ва камтаринлиги ҳақида ҳар доим ижобий фикр билдиришарди. Унинг португалиялик юлдуз сифатида жамоаларни руҳлантирган ўйинлари, голлари ва ассистлари мухлисларнинг ёдида абадий сақланади.
Бу фожиали воқеа футбол оламида катта бўшлиқ қолдирди. Диогу Жота — замонавий футболнинг энг ёрқин ва меҳнаткаш юлдузларидан бири сифатида, нафақат “Ливерпуль” ва Португалияда, балки дунёнинг турли бурчакларидаги мухлислар хотирасида абадий сақланади.
Мухлислар, футбол жамоатчилиги ва барча спорт ихлосмандлари унинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиришмоқда. Диогу Жотанинг ҳаёти ва фаолияти кўпчилик учун мотивация манбаи бўлиб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар