
“Реал Мадрид” жамоаси Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ярим финалида Парижнинг ПСЖ жамоасидан йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Ҳимоячи Эдер Милитао ушбу оғир ютқазишдан кейин мухлислар олдида чиқиш қилиб, бу вазиятга ўз муносабатини билдирди, деб ёзди fifa.com.
Футболчи жамоа ўйинидан кўнгли тўлмаганини, аммо бу мағлубиятдан кейин ҳам ҳаракатни тўхтатмаслик кераклигини алоҳида таъкидлади.
“Бугунги натижа, шубҳасиз, биз учун яхши бўлмади. Аммо биз олға қараб ҳаракат қилишимиз лозим. ПСЖ жуда яхши шаклланган ва ўзаро тушунув даражаси юқори бўлган жамоа эканини бу мавсум давомида бир неча бор кўрдик. Улар ғалаба учун руҳан ва жисмонан тўлиқ тайёр эканини намоён этишди. Бугун улар бизни бутунлай енгди. Фақат табриклаш қолади. Уларни табриклаймиз”, — деди Милитао очиқ сўз билан.
Футбол мухлислари ушбу мағлубиятни жамоа тактикасидаги муаммолар, ПСЖнинг физик устунлиги ва индивидуал ҳаракатларнинг самарадорлиги билан боғлашмоқда. Кўпчилик эса Милитаонинг юксак профессионализм билан рақибнинг кучини тан олганини ижобий баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, ПСЖ Клублар ўртасидаги ЖЧ финалида "Челси"га қарши тўқнаш келади. Бу катта тўқнашув 13 июль, якшанба куни бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 23:59 да старт олади.
“Реал” эса бу мусобақада финалга етиб бормай, мухлислар умидини оқлай олмади. Мавсумнинг энг муҳим палласидаги бу мағлубият жамоа ичида янги саволлар, эҳтимолий ўзгаришлар ва хатолардан хулоса чиқариш пайтини бошлади.
Шундай натижалар эса айнан катта клубларнинг қандай қайта тикланишини, яна кучлироқ шаклда қайтишини белгилаб беради. “Реал” бу синовдан қандай ўтади — барча клуб мухлисларини шу савол қийнамоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар